Андижонда

Андижонда газ қувурлари шаҳарсозлик нормаларига мос равишда тартибга келтирилмоқда


03.03.2025   546

Ҳар бир шаҳарнинг гўзаллиги нафақат у ерда жойлашган тарихий обидалар, яшил хиёбонлару осмонўпар бинолар билан ўлчанади. Шаҳар гўзаллигига одамларнинг оддий турмуш шароити учун зарур бўлган инфратузилма қурилмаларининг эстетик жиҳатдан тартибли бўлишига ҳам ҳисса қўшади.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан шаҳар ва туман марказлари, катта йўл бўйидаги газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилмоқда.Бунда авваллари ҳар бир маҳалла ёки ҳудуд учун тортилган ҳар хил ўлчамдаги газ қувурлари ягона тармоққа бирлаштирилмоқда. Айрим газ қувурлари қайта реконструкция қилиниб ер устидан ер остига олинмоқда ёки жойлашуви бўйича эстетик жиҳатдан бир устунга ўрнатилиб, бўёқланмоқда.

“... Жорий йилда 253 км дан ортиқ қувурларимизни эстетик жиҳатдан тартибга келтиришни режа қилганмиз, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Хуршидбек Қодиров.Ҳозирга қадар вилоят бўйича 87 км га яқин турли ўлчамдаги қувурларимиз тартибланди, реконструкция қилиниб, айримлари ер остига олинди...”

Айни кунларда Асака, Олтинкўл, Хўжаобод, Булоқбоши туманлари ҳамда Андижон шаҳрида амалий ҳаракатлар қизғин паллада. Олтинкўл туманида 17 км дан ортиқ, Андижон шаҳрида 11,6 км, Асака туманида 8.5 км, Хўжаобод туманида 8.02 км ҳамда Булоқбоши туманида 7.55 км газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилиб, бўёқланди.

Бошқа туманларда ҳам газ қувурларини тартиблаш ишлари давом этмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати