Андижонда

Андижонда газ таъминоти корхонасига қилинган мурожаатларнинг аксарияти ўз ечимини топмоқда


02.04.2025   868

Ҳар бир мурожаат ортида қайсидир бир юртдошимизнинг тақдири ётади. Буни яхши англаган “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ходимлари ҳам ҳар бир мурожаатни ўрганишда мурожаатчи билан учрашиб, муаммонинг асл мақсадини ўрганишга ҳаракат қиладилар.

Жорий йилнинг 1-чорагида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалива унинг ҳудудий бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 2 825 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 1 383 та виртуал қабулхоналар орқали келиб тушган бўлса, қолган мурожаатларнинг 916 тасини оғзаки, 378 тасини ёзма,ҳамда 148 тасини “Ишонч телефонлари” орқали келиб тушган мурожаатлар ташкил қилади.

“Бизга келиб тушаётган аксарият мурожаатлар ўз ечимини топмоқда, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг “Назорат ва мурожаатлар билан ишлаш” бўлими мутахассиси Баҳодиржон Тўхтасинов. - Барча мурожаатлар Филиал ва унинг бўлимларидаги ижро назорати мутахасислари томонидан тўлиқ назоратга олинган. 1-чорак давомида келиб тушган мурожаатларнинг 2 304 та (82 %)си ижобий ҳал этилган ёки мурожаатчининг талаби қаноатлантирилган бўлса, 357 нафар (13 %) мурожаатчига тушунчалар берилган. Айни пайтда эса 161 та (5 %) мурожаат ўрганиш жараёнида...”

Ўтган давр мобайнида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали маъмуриятига бевосита 279 нафар жисмоний ва 98 нафар юридик шахслар ариза ва шикоятлар билан мурожаат этганлар. Ушбу 377 та мурожаатнинг 347 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 30 та мурожаат ўрганиш жараёнида.

Филиалга келиб тушган мурожаатларнинг 72 тасида табиий газ таъминоти тўғрисидаги масалалар кўтарилган. 4 нафар мурожаатчи табиий газ билан газлаштириш тўғрисида, 195 нафари фойдаланилган табиий газ учун тўловлардаги муаммолар хусусида мурожаат қилганлар. 92 та мурожаатда суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар баён этилган. Қолганларида эса молиявий ва бошқа турдаги масалаларни ечиш ҳақида жисмоний ва юридик шахслар мурожаат этган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг ҳудудий бўлимларига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ҳал этилмоқда ёки тушунча берилиб, мурожаатчининг кўнгли олинмоқда. Бугун жамият тизимида ҳар бир мурожаатчига истеъмолчи сифатида қаралиб, таъминотни янада яхшилаш учун қилган мурожаатларидан керакли хулосалар қилинмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати