Андижонда

АНДИЖОНДА ХАЛҚАРО ТИББИЙ АНЖУМАН ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ


10.06.2022   611


Андижонда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда. “Профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларин қўллаш” мавзусидаги мазкур икки кунлик анжуманнинг очилиш маросими Андижон шаҳридаги “Ҳамкор-бизнес” марказида ташкил этилди. Унда 10 дан ортиқ давлатларнинг соҳа бўйича етук мутахассислари ҳамда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан шифокорлар вакиллари онлайн ва оффлайн тарзда иштирок этмоқдалар.

Анжуманни кириш сўзи билан очган Андижон давлат тиббиёт институти ректори М. Мадазимов қатнашчиларни, айтиш жоиз бўлса, янги ҳамкорлик ришталари билан қутлади. Шунингдек, профилактик тиббиётнинг умумжаҳон ва Ўзбекистон шароитидаги ютуқлари, тиббиёт йўналишларида даволашнинг инновацион усулларидан тўла фойдаланиш зарурати, Андижон профилактик тиббиёт мактаби ютуқлари ва режалари ҳақида атрофлича гапирди.


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 1-ўринбосари А. Иноятов ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ректори А.Шодмоновлар ўзаро билим ва тажриба алмашинуви бўлган мазкур учрашув профилактик тиббиётда хорижлик мутахассислар билан шерикликда олиб борилаётган ҳамкорлик алоқалари юқори самара бераётганини таъкидладилар. Андижон вилоят ҳокимияти котибият мудири Э.Холмирзаев ўз сўзида вилоятда бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар, тиббиёт ютуқлари, хорижлик мутахассислар билан имзоланаётган ҳамкорлик меморандумлари моҳияти, натижалари тўғрисида алоҳида тўхталди.

Анжуманнинг пленар кенгаши тиббиёт мутахассисларининг билим ва кўникмалари ортишига хизмат қилаётганини алоҳида қайд этиш зарур. Республикамизнинг малакали тиббиётчилари билан бирга Ҳиндистон, Россия, Украина, Қирғизистон каби мамлакатлар вакиллари томонидан тақдим этилаётган маърузаларда соҳанинг турли йўналишларидаги инновацион технологияларнинг профилактик ва терапевтик самарадорлиги мисоллар ёрдамида очиб берилмоқда.

- Профилактик тиббиётда инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш, амалиётга татбиқ қилиш, юқумли касалликлар, оналик ва болалик, ички касалликлар, жарроҳлик ва тиббий-биологик йўналишларда олиб борилаётган изланишлар ўзини тамоман оқлаётгани мутахассисларнинг бугунги тадқиқотлари натижаларида яққол намоён, - дейди ҳиндистонлик иштирокчи Виреш Махажан. - Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини тиббиёт соҳасида кенг қўллаш кўникмаларига эга бўлган кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш ҳамда замонавий ахборот технологияларининг илғор ютуқларини тиббиёт соҳасида, жумладан, профилактик тиббиётда қўллаш бўйича халқаро иш тажрибаларни ўрганиш айни анжуманнинг кун тартибига қўйилгани мақсадга мувофиқдир. Бу борада тажриба алмашяпмиз, ўрганяпмиз, зарур бўлганда, ўргатяпмиз.

Қатнашчилар томонидан ўзларини қизиқтирган савол-жавоблар қизғин муҳокамаларга уланиб, янги таклифларга дебоча бўлмоқда.

Анжуманнинг 2-куни 11-июнда Андижон давлат тиббиёт институтида давом этиши режалаштирилган.

Зилола РАҲМОНОВА.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.