АНДИЖОНДА ХАЛҚАРО ТИББИЁТ АНЖУМАНИ ЎЗ ИШИНИ ЯКУНЛАДИ
11.06.2022 585
Аввал хабар берганимиздек, Андижонда “Профилактик тиббиётда юқори инновацион технологияларни қўллаш” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 10-11 июнь кунлари ўтказилган мазкур анжуман Андижон шаҳридаги Ҳамкор-бизнес марказида бошланиб, Андижон давлат тиббиёт институтида давом этди.




Олийгоҳнинг асосий ўқув биносида “Ички касалликларнинг олдини олишда янги инновацион технологиялар: ВИЧ/ОИТС, Ковид-19 ва инфекцион касалликлар профилактикаси, ташхислаш ва даволаш”, “Шошилинч ва режали жарроҳликда асоратларни прогнозлаш профилактикаси ва инноваицон технологиялар билан даволаш”, “Оила шифокори фаолиятида касалликларни олиб боришда инновацион ёндашувлар. Жамиятда соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни шакллантириш”, “Болалар ва ўсмирлар касалликларини эрта ташхислаш ва даволаш. Аёллар гинекологик касалликларини замонавий ташхислаш ва даволаш”, “Травматологик, ортопедик, нейрохирургик касалликларни даволашга замоновий ёндашув”, “Тиббий биологик фанлар бўйича назариёт ва амалиётга янги тавсиялар, стандартларни қўллаш” каби мавзуларда олимлар ва мутахассислар томонидан маърузалар олиб борилди.


Ҳамдўстлик мамлакатлари олимлари ҳамда республикамизнинг салоҳиятли мутахассисларини жамлаган анжуман ҳар бир касалликни даволашда имкон қадархорижий тажрибаларни умумлаштирган янги инновацион усуллардан фойдаланишнинг қулай томониларини кўрсатиб берди. Айниқса, ҳар бир олим ва мутахассис томонидан тақдим этилган маърузалар доирасида намойиш этилган слайдлар мавзуларнинг янада кенгроқ очиб берилишига, даво усулларининг янада батафсилроқ тушунтирилишига замин бўлди.
Конференция доирасида “Ёш олимлар” танлови ҳам ташкил этилгани соҳадаги янги ташаббусларнинг юзага чиқишига, қўллаб-қувватланишига хизмат қилди. Унда магистрлар, мустақил тадқиқотчилар, докторантлар тиббий йўналишлардаги кашфиётлари, иқтидорлари, назарий-амалий изланишлари натижаларини тақдим этдилар.
Мазкур республика илмий-амалий анжуманда хорижий давлатлардан келиб иштирок этган меҳмонларга ва мамлкатимизнинг етакчи мутахассисларига институтнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.
Зилола РАҲМОНОВА.
Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар
