АНДИЖОНДА ХОНАДОНЛАРДА ГАЗНИ ТЕЖАШ ВА МАВСУМГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ БЎЙИЧА ТАРҒИБОТ ИШЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА
07.08.2023 209
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ходимлари жойларда истеъмолчилар орасида энергия ресурсларини тежаб ишлатиш, газдан оқилона ва хавфсиз фойдаланиш ҳамда энергиятежамкор газ жиҳозларидан фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини олиб бормоқдалар. Олтинкўл туманининг “Иттифоқ” МФЙ ўрамида ҳам ана шундай тарғибот ишлари олиб борилди.
Бунда маҳалла аҳлига газдан фойдаланиш тартиб-қоидалари, дудбўрон ва мўриконларни текшириш зарурияти, иситиш печларининг созлиги, энергиятежамкор газ жиҳозларининг афзалликлари ҳамда газ жиҳозларининг техник кўриклари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Сўнгра туман ёнғинга қарши кураш жамияти вакиллари билан биргаликда мўриконлар тозаланиб, маҳаллага бу бўйича қилинадиган ишлар тавсия этилди.
“Ушбу маҳалла истеъмолчиларига ҳам қандай қилиб кунига камида 1 метр кубдан газ тежаш мумкинлиги ҳақида айтмоқдамиз,- дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Хуршидбек Қодиров. - Керакли вақтда газдан фойдаланиш ёки оддий чой қайнатиш вақтида ўзига керакли миқдордаги сувни қайнатиш каби ҳолатлар билан ҳам қанча газ тежаш мумкинлиги ҳақида маълумотлар бермоқдамиз...”
Шунингдек, соҳа ходимлари томонидан бугунги кунда энергиятежамкор газ жиҳозларидан фойдаланиш, уларнинг хавфсиз жиҳатлари, айниқса иқтисодий жиҳатдан оила бюджетига фойда бўлишлиги ҳақида тушунтирилди.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати