Андижонда

АНДИЖОНДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДА ҚАНДАЙ ИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА?


16.06.2022   238

Андижон вилоят ҳокимлигида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида кадрлар тайёрлаш, таълим ва тарбия ишлари сифатини янада ошириш” мавзусида жамоатчилик мулоқоти бўлиб ўтди. “Юксалик” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда “Тараққиёт” стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик гуруҳи, фуқаролик жамияти фаоллари, йўналишдаги таълим мутахассислари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Унда жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбияга барча турдаги ва даражадаги таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат ташкилотлари ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйиш мақсадлари ўз ифодасини топди.

-Бугун мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ислоҳотларимизнинг бош мақсадига айланди, - дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси вакили Диёрбек Турғунов. – Ҳар соҳада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш етакчи куч бўлиши зарур. Бугунги мулоқотда мутахассислар мавзу доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган стандартлар ва тамойиллар билан танишиш билан бир қаторда уни амалга оширишда имкониятлар тенглиги, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида кадрларни тайёрлаш давлатнинг халқаро мажбуриятлар олдидаги вазифаси, узлуксиз таълим тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги борасида эътиборни кучайтириш масалалари юзасидан ҳам қизғин муҳокамага киришдилар. Бу эса янги режаларга замин бўлди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича барча соҳада амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги қанчалик ўзини оқлаётгани мисоллар билан намоён этилди. Муҳокамалар ва таклифлар бу борада келгусидаги ташаббусли ғоялар учун хизмат қилди.

Зилола РАҲМОНОВА.