АНДИЖОНДА “ҲОКИМ СПОРТ МАКТАБИ” БУНЁД ЭТИЛАДИ
24.05.2022 872
Андижон олимпиа заҳиралари коллежида болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятини ривожлантириш, спорт усталарини тайёрлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан давлатимиз раҳбари раислигида 23 май куни спортни оммалаштириш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш бўйича ўтказилган видеоселекторда кўриб чиқилган масалалар юзасидан вилоятда амалга оширилиши зарур бўлган амалий тадбирлар белгиланди.
Вилоятда мавжуд спорт мактаблари ҳолати, жиҳозланиши, камчиликлари бўйича шаҳар, туман масъуллари шу ҳафта якунига қадар ҳисобот беришлари, уларнинг ечимига қаратилган вазифалар белгиланиб, ижрога йўналтирилиши қайд этилди. Йўналишдаги инфратузилма изчил тараққий топтирилиб, ёшларнинг қизиқишлари қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланди. Эндиликда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича янги тизим жорий қилинади. Унга кўра, олимпия спорт турлари бўйича спортчиларни жисмоний ва руҳий тайёрлаш, соғлом овқатлантириш дастурлари ишлаб чиқилиб, масъуллар назоратига олинади.


Шунингдек, йиғилишда “Ҳоким спорт мактаби” барпо этилиши бўйича мутасаддиларга зарурий топшириқлар берилди.
Йиғилиш давомида жорий йил май ойида Туркия давлатида бўлиб ўтган бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида фахрли 3-ўринни олиб, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Азизахон Якубовага вилоят ҳокими томонидан тантанали равишда уч хонали янги уй совға қилинди. Айтиш жоизки, мазкур чемпионатда 70 та давлатдан 310 нафар спортчи қизлар жаҳон чемпионлиги учун ўзаро куч синашган.
Зилола РАҲМОНОВА.
