АНДИЖОНДА ҚЎМОНДОНЛИК-ШТАБ ЎҚУВ МАШҚИ ЎТКАЗИЛДИ
25.08.2023 231
2022-2023 йил қиш мавсумидаги аномал совуқ ҳаво ҳарорати коммунал хизмати кўрсатиш тизими ходимларини жиддий синовдан ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳам жорий йилги куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича масъулларга алоҳида топшириқлар берган эди. Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш ва мавсумга тайёргарлик кўриш жараёнларини яна бир бор назоратдан ўтказиш мақсадида “Андижон вилоятида 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, беталофат ўтказиш, энергетика ҳамда газ тизимини барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига электр энергияси ва газ ресурсларини етказиб беришда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш” мавзусида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ташкил этилди.
Мазкур ўқув машғулотларида газ соҳаси мутахассислари ҳам фаол иштирок этдилар. Машқлар бевосита жойларда, кўргазмали шаклда ташкил этилиб, тизим ходимларининг билим ва кўникмалари оширилди. Уларни ўтказиш давомида ҳар бир шаҳар ва тумангаз газ таъминоти бўлимлари томонидан мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, авариялар содир бўлганда табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишни ташкил этиш, авария ҳолатларида ҳудудий бошқарув органларининг ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаштириш кабиларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳар бир шаҳар-туман газ таъминоти бўлимлари томонидан аварияларнинг олдини олиш мақсадида эҳтиёт қисмлар заҳираси яратилди.
“Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчаси вилоятнинг Қўрғонтепа, Хўжаобод, Жалақудуқ туманлари ва Хонобод ҳамда Қорасув шаҳарларидаги истеъмолчиларга хизмат кўрсатади. Куз-қиш мавсумида шохобчанинг узлуксиз фаолияти аҳолини бир маромда суюлтирилган газ билан таъминланишига асос бўлади. Машқлар давомида ҳам мазкур газ тўлдириш шохобчасида техноген ҳолатларнинг ўз вақтида бартараф этилиши юзасидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш жараёнлари кўрсатиб ўтилди.
Ўқув машқлари давомида соҳадаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш, тизимни барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш,авария тиклаш бўлинмаларининг тайёргарлиги ва бошқа зарурий жиҳатларни эътиборга олиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Алоҳида таъкидландики, ўтган йилги аномал совуқда юзага келган авариялардан келиб чиқиб, объектларнинг бу йил куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида қисқа муддатда режали таъмирлаш ишларини якунлаш ва мавсумга тайёргарликни таъминлаш бўйича амалий ҳаракатларни якунига етказиш зарур.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати