Андижонда

АНДИЖОНДА КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИ БОШЛАНДИ


26.04.2023   257

Андижон шаҳрида вилоятдаги энг кўп сонли табиий газ истеъмолчилариистиқомат қилади. 62 мингдан ортиқ аҳолига 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумида бир маромда табиий газ етказиб бериш учун “Андижоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлими томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.

“Жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 336 та газ тақсимлаш қурилмаларини техник кўрикдан ўтказишни режалаштирганмиз.Ҳозирда мавжуд ГТҚларни бўёқлаш ишлари бошлаб юборилди, - дейди шаҳар газ таъминоти бўлими муҳандиси Элёрбек Казаков. - Айни пайтда “Ўрикзор” МФЙ ўрамидаги газ қувурлари бўёқланмоқда.”

Жорий йилги режага кўра, Андижон шаҳрида бир талай ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. 15.2 км бўлган 4 та йўналишдаги газ қувурларининг ҳолати босим остида синалиб, ҳаво ёрдамида тозаланса, яна 35.8 км узунликдаги 17 та ер ости тармоқларининг ҳолати махсус асбоб ёрдамида текширилиши кўзда тутилган. “Навоий” шоҳкўчасидаги диаметри Д-273 мм бўлган қувурнинг 7.4 кмлик қисми, “Ўзбекистон” кўчасидаги диаметри Д-500 мм бўлган ўрта босимли ер ости газ қувурининг 3.4 км қисми текширилиши мақсад қилинган. Шунингдек, 5 дона газ қувурларининг зулфинлари жорий таъмирланади. Кўп қаватли уйларга кириш тармоқларидаги 77 дона жўмраклар ҳам таъмирланиши белгиланган.

“Шаҳримиздаги хонадонларга “ақлли” газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунига етмоқда. Жорий йилда, 3 347 та хонадонларимизнинг газ таъминотида уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтказишни мўлжаллаб турибмиз. 11 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 12.5 км газ қувурлари жорий таъмирланади, 2 та газ тақсимлаш пунктлари мукаммал таъмирдан чиқарилса, яна 10 тасида телеметрия тизими жорий этилади. Якунга кўра эса, 7 205 та хонадонда газ таъминоти тизими янада яхшиланишига эришилади,” -дея суҳбатга якун ясади муҳандис Э.Казаков.

Табиий газ етказиб беришда газ тақсимлаш қурилмаларининг ҳам алоҳида ўрни мавжуд бўлиб, жорий йилда шаҳардаги мавжуд 336 та ГТҚлар техник кўрикдан ўтказилади. 42 дона қурилмалар бўёқланади ҳамда 31 донаси пайвандлаш йўли билан таъмирланади.

Шунингдек, истеъмолчиларга куз-қиш даврида газ плиталари, қозонхоналар, каминлар, печлар ва бошқа газ жиҳозларининг хавфсиз ишлаши учун уй хўжаликларидаги дудбўронлар ва шамоллатиш тизимини текшириш борасида газ ходимлари томонидан тарғибот ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати