Андижонда

Андижонда маҳалла газчилари учун семинар ташкил этилди


05.08.2025   110

“Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг мутахассислари томонидан “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали тизимидаги маҳалла газчилари, улгуржи ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан ишловчи ходимларга “онлайн” бошқарув дастури бўйича тизимдаги янгиликлар юзасидан семинар ўтказилди. Унда дастур бўйича мукаммал ишлаш, юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш масалалари юзасидан маърузалар қилинди.

Семинарда шу билан бирга ҳар бир ходимга берилган махсус “планшет”лардан тўғри фойдаланилмаётганлиги, амалий ишлар сифатли бажарилмаётганлиги ҳам қайд этиб ўтилди. Баъзи мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун дастур билан тўлиқ ишлаш, бу эса иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатиши борасида таъкидланди. Ўқув семинари фикр-мулоҳазаларга бой бўлди. Саволларга масъул мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди. Шунингдек, тизим ходимларининг билдириб ўтган таклифлари қўллаб-қувватланди.

“...Бугунги семинар фаолиятимиз учун фойдали бўлди, - дейди “Андижоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлимининг маҳалла газчиси Ойбек Хожиматов. – Бугунги фаолиятимизда онлайн бошқарув орқали кунига 20 та топшириқ билан ишлаб келмоқда эдик. Дастурдаги ўзгаришлар бизга маъқул бўлди. Энди топшириқни ўзимиз яратишимиз ёки бошқа кундалик иш тартибидаги муҳим саволларимизга ҳам жавоб олдик. Бу эса, келгуси фаолиятимизда қўл келади, деб ўйлайман...”

Газ таъминотида автоматлаштирилган онлайн тизимнинг жорий этилиши — бу соҳада ишончлилик, шаффофлик ва мижозларга қулайлик даражасининг ошишидир. Бу эса нафақат аҳоли, балки саноат корхоналари учун ҳам муҳим қулайлик яратади.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати