Андижонда

Андижонда муҳандис-метрологлар учун ўқув семинари ташкил этилди


30.04.2025   731

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалида тизимдаги ходимлар учун ўқув семинари ташкил этилди. Унда шаҳар-туман газ таъминоти бўлимларининг муҳандис-метрологлари, кичик ва ўрта бизнес истеъмолчилари инспекторлари иштирок этдилар.

Мазкур ўқув семинарини ўтказишдан асосий мақсад Метрология йўналиши бўйича билимларни мустаҳкамлаш, янги кўникмаларни шакллантириш, соҳага оид қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва янгидан жорий қилинган қонун ҳужжатлари билан таништириш, замонавий янги газ сарфини ҳисоблаш жиҳозларидан амалда фойдаланиш бўйича тушунчалар беришдан иборат бўлди.

Машғулот давомида соҳа мутахассислари томонидан қатор маърузалар ўқиб эшиттирилди. Жумладан, Халқаро сифат стандартлари тизимининг афзалликлари, “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари, соҳага оид бошқа кўплаб қўлланмаларнинг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилди. Ҳар бир машғулот давомида назарий билимлар амалий кўникмалар билан шакллантирилди.

Назарий машғулотлар якунидан сўнг мутахассислари “Дастурхончи” автоматик газ тарқатиш шохобчасида жойлашган саноат коллекторида истеъмолчиларнинг ҳисоблагичлари билан боғлиқ ҳолатлар бўйича кўргазмали машқлар ташкил қилинди. Хусусан, газ ҳисоблагичларни қай тартибда бир марталик тамға билан тамғалаш, уларни ишлаш шароитлари, ўзгаришлар ва ташқи таъсирни аниқлаш ҳолатлари бўйича тавсиялар олдилар.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати