Андижонда

Андижонда Мустақиллик байрами муносабати билан арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди


15.08.2026   8

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида кенг қамровли тадбирларга старт берилди.

Хусусан, Андижон шаҳрининг 17 та аҳоли гавжум нуқталарида ҳамда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги деҳқон бозорларида махсус савдо расталари ўз фаолиятини бошлади.


Мазкур байрам ярмаркаларида истеъмолчиларга 100 хилдан ортиқ маҳсулот турлари бозордаги амалдаги қийматидан 20-30 фоизгача арзонлаштирилган нархларда таклиф этилмоқда.

Ушбу ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — юртдошларимизнинг сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотларга бўлган талабини тўлиқ қондириш ҳамда байрам арафасида халқимизга кўтаринки кайфият улашишдан иборатдир.

Белгиланган режага мувофиқ, аҳолига қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган ушбу имтиёзли савдо ярмаркалари жорий йилнинг 15 августидан 5 сентябрига қадар узлуксиз равишда давом этади.