АНДИЖОНДА НАВРЎЗ АЙЁМИГА БАҒИШЛАНГАН БАЙРАМ ТАДБИРИ БЎЛИБ ЎТДИ
20.03.2022 1717
Андижон олимпия заҳиралари коллежи атрофи кўкламий тароватга йўғрилган. Масканнинг Наврўз айёми шиорлари акс этган манежи бугун ҳар кунгидан гавжум бўлди. Ёмғирли куннинг ўзгача файзи ушбу умумхалқ байрамига бағишлаб ўтказилган тантанага йиғилганлар, меҳмонлар қалбидаги шавққа уйғунлашиб кетгандек...







Байрам тадбирини вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов кириш сўзи билан очиб, Андижон аҳлини навқирон айём ташрифи. Янгиланиш фасли билан самимий қутлади. «Ҳар кунмиз Наврўз бўлсин», дея эзгу тилаклар билдирди. Вилоятда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишларига тўхталаркан, барча ютуқлар замирида, аввало, андижонликларнинг ҳамжиҳатлиги, олижаноб фазилатлари, фидокорона меҳнатлари борлигини алоҳида таъкидлади. Баҳорий туҳфалар – давлат мукофотларига лойиқ топилган бир гуруҳ ҳамюртларимиз эришган ютуқларини яна бир бор алоҳида эътироф этди.
Байрам тадбирининг бадиий-мусиқий қисмини Андижон ёшлар симфоник оркестри санъаткорлари бошлаб бердилар.
Миллий халқ ўйинларини, ўлан, лапар ва аския пайровларини туҳфа қилган шаҳар, туман фольклор жамоалари ҳамда аскиячилар гуруҳининг чиқишлари, қадим миллий анъаналиримизни ўзида мужассам этганлиги қатнашчилар эътиборини тортди.





Андижон давлат филармонияси раққос йигитлари ва тиббиёт институти талабалари томонидан ижро этилган «Андижон полькаси» йиғилганларини ҳам даврага чорлаб, янада кўтаринки кайфият улашди.
«Тасанно айтай сенга, Наврўз», дея куйланган жўр қўшиқ тантана якунига жўшқинлик бағишлади.
«andijonnoma.uz» online гуруҳи.
