Андижонда

АНДИЖОНДА ОБОДОНЛАШТИРИШ ВА ТОЗАЛИК ОЙЛИГИ ЎТКАЗИЛМОҚДА


09.08.2022   571

Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги шодиёналари тобора яқинлашмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ушбу қутлуғ айёмни муносиб кутиб олишга қизғин тараддуд кўрилмоқда.

Шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида теварак-атрофни тартибга келтириш, ободонлаштириш, ариқ-зовурлар, хиёбонларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ободонлаштириш ва тозалик ойлиги тадбирлари вилоятимизда ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Ободонлаштириш ишлари жараёнида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, ҳовлилар, боғ ва сайилгоҳларни тартибга келтириш, чиқиндиларни белгиланган жойга чиқариб ташлаш, кўчаларни таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Бошқармамиз ҳудудида бугун ҳашар уюштирдик, – дейди, Андижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Жамшидбек Бозорбоев. – Ҳашарда ходимларимиз ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар томонидан теварак-атрофини ободонлаштириш, янги гул кўчатларини экиш, дарахт ва бардюрларни оҳаклаш ишлари олиб борилмоқда.

Кейинги йилларда кўп қаватли уйлар ҳудудларида яна бир замонавий инфратузилма – болалар ўйин майдончалари ҳам кўпаймоқда. Бундай масканлар нафақат болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, балки саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни жисмонан чиниқтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар бир майдончада ўнга яқин ўйин қурилмаси ўрнатилган. Бундай масканларнинг техник ҳолати, тозалиги маҳалла томонидан доимий назорат қилинади. Яроқсиз ҳолга келган ўйин қурилмалари янгиланиб, такомиллаштирилиб борилмоқда.

Кўп қаватли уйларни таъмирлаш, кўчаларни ёритиш тизимини модернизациялаш, чиқинди йиғиладиган майдончаларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш ишлари давом этмоқда. Бу жараёнда янги ташкил этилган бошқарув сервис компанияларнингмутасадди ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйгани яхши самара бермоқда.

– Тоза-озода, обод жойда файзу барака бўлади, – дейди, Шифокор МФЙ ҳудудида ташкил этилган "Biotexeservis" бошқарув сервис компанияси раҳбари Шамсиддин Ҳасанов. – Шунинг учун юртимизда катта шодиёналар, байрамлар олдидан умумхалқ ҳашарлари уюштирилиб, хонадонлар, маҳалла, кўча ва хиёбонлар, гузарлар, муқаддас қадамжоларни янада обод қилиш яхши анъанага айланган. Халқимизга хос бундай хайрли ишларда пок ниятларимиз, эзгу орзу-мақсадларимиз ўз ифодасини топмоқда. Мустақиллик байрами арафасида ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ўтказилиши ҳам энг улуғ, энг азиз айёмни юртимизнинг ҳар бир гўшасида муносиб нишонлашга хизмат қилмоқда.

Нуржаҳон Йўлдошева,

«Андижоннома» муҳбири.