Андижонда

АНДИЖОНДА РЕСПУБЛИКАДА ЯГОНА БЎЛГАН «ҲОКИМ АКАДЕМИЯСИ» ИШ БОШЛАДИ


15.09.2022   448

Республикада ягона “Ҳоким академияси”қаерда, кимлар қабул қилинади ва қайси таълим муассасаларига абитуриент тайёрлайди?

Бугун Андижонда янги ташкил этилган “Ҳоким академияси” айни саволларнинг батафсил ва аниқ жавоби бўлди.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан янги ғояларни, янгича инновацион таълимни янги, рақамлаштирилган замоновий ва миллий педагогик технологиялар умумлашмаси билан ўргатишга ихтисослашган мазкур академияда ўқув жараёнлари бепул онлайн тарзда амалга оширилади.

Ушбу масканда ташкил этилган “Жалинга” замонавий, компьютерлашган, энг сўнгги инновацион технологиялар, жаҳон талаблари андозасидаги жиҳозлар билан дарс жараёнларига шай қилинган студияда онлайн тарзда фойдаланувчилар ўзлари истаган йўналишларда етук мутахассислар, салоҳиятли ва тажрибали педагоглар, хорижий фанлар ўқитувчиларидан билим оладилар.

Хўш, ушбу таълим муассасасига кимлар ва қандай тартибда қабул қилинади?

“Hokim akademiyasi.uz” платформаси орқали бугунга қадар биринчи босқичда истеъдодли, иқтидорли, ташаббускор, янгича фикрловчи, илғор ғояли жами 20 минг 279 нафар фойдаланувчи рўйхатдан ўтди. Уларнинг 6 минг 868 нафари абитуриентлар, 2 минг 508 нафари хорижий тилни ўрганувчилар, 7 минг 166 нафари Президент мактабларига кирувчилар, 3 минг 737 нафари ўқитувчилардир.

Ҳар бир йўналиш бўйича танланган, белгиланган педагоглар фойдаланувчиларнинг ўрганганларини келажакда қайси соҳада ўқишини давом эттирса, ишласа, ўша соҳанинг юксак тафаккурли, давлат ва жамиятнинг муносиб кадри бўлиб етишиши учун хизмат қиладилар.

Энг муҳими, кечагина Президент, ихтисослаштирилган, ижод мактабларига синовдан ўтолмаган ўқувчилар, олий таълим муассасаларига имтиҳондан “йиқилган” абитуриентлар, турли хорижий тиллар сертификатлари олишга ҳаракат қилаётганлар учун жуда катта қулайлик, беқиёс имконият эшикларини очаётган ушбу академия Андижон таълим тизимининг чинакам таянч муассасасига айланишига ишонамиз.

Бугунги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий соҳаларидаги тезкор ўзгаришлар таълим тизимини ҳам тубдан ислоҳ қилишни тақозо этмоқда. Мазкур мукаммал онлайн таълим платформаси вилоятимизнинг келажак интеллектуал имкониятларини ва уни гуллаб яшнаши ҳамда ривожланишини белгилаб берувчи ёшларни ҳар томонлама ижодкор, мустақил фаолият юритадиган қилиб тарбиялашда ҳал қилувчи ролўйнайди. Академиядаги педагогик инновацион технологиялар ўқитишда ўзлаштиришни юқори кўтариш, ўқув жараёнида қизиқтиришни, ўқув материалини тушунишни яхшилашни, функционал саводхонликни шакллантиришни, тафаккурни, лойиҳали саводхонликни, назарий тафаккурни, коммуникативликни, ижтимоий фаолликни, фуқаролик онгини, ўз-ўзини англаш ва бошқа вазифаларни ҳал этишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятли.

Энг муҳими, Андижонда ташкил этилган мамлакатда ягона “Ҳоким академияси”да таълим олиш мутлақо бепул!

Сиз ва сизнинг фарзандингиз учун янги ташаббус, янги изланиш, янги таълим дастури!

«Andijonnoma.uz» online гуруҳи.