Андижонда

Андижонда соҳа ходимлари орасида коррупцияни олдини олиш бўйича тарғиботлар олиб борилмоқда


07.04.2026   24

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг “Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш” бўлими мутахассисилари Асака туманида бўлишиб, маҳалла газчилари орасида профилактик суҳбат ўтказдилар. Унда “Ахтачи” ва “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ўрамида “Асакатумангаз” газ таъминоти бўлими маҳалла газчилари билан суҳбатлашилди.

“...Маҳалла газчилари фаолиятида коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ вазиятлар кўп учрайди, - дейди Филиалнинг “Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш” бўлими бошлиғи Азимжон Юнусов. – Мазкур ходимларимиз бевосита аҳоли билан ишлайди. Юртдошларимиз орасида эса айримлари белгиланган тўловдан қочиш, ноқонуний равишда газдан фойдаланиш каби ҳолатларда аксарият газчиларимизни келишувга чақиришади. Бу эса айнан коррупцион ҳолатлар учун шароит яратади. Биз тарғиботлар давомида мана шундай ҳолатлардан эҳтиёт бўлиш кераклиги ҳақида тушунтирмоқдамиз...”

Суҳбатлар давомида мутахассислар соҳада ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, коррупцияга қарши кураш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганлиги, бу иллатни йўқ қилишда барча бир тану бир жон бўлиш кераклигини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, соҳани коррупциядан холи тизим қилиш бўйича белгиланган вазифаларни бажариш, ҳалол меҳнат қилиш, ноқонуний ишлар, тармоқдаги уланмалар ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати