Андижонда соҳага масофавий бошқарув технологияларининг татбиқ этиш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди
12.06.2026 21
Газ таъминоти тизимига масофавий бошқарув технологияларининг татбиқ этилиши жараёнларни инсон омилисиз бошқариш имконини беради. Бу эса ўз навбатида коррупсион ҳолатларнинг олдини олиш, тизимда очиқлик ва шаффофликни кучайтиришда бош мезон бўлиб хизмат қилади.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалида соҳа фаолиятини тубдан яхшилаш, тизимда шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши кескин курашиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ метрология бошқармаси бошлиғи Ж.Хидиров, Андижон вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори А.Акбаров, Филиалнинг улгуржи, кичик ва ўрта бизнес истеъмолчилари билан ишлаш хизмати мутахассислари, шаҳар-туман газ таъминоти метрологлари иштирок этдилар.
Йиғилишда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув Раисининг 2026-йил 2-июндаги 108-сонли буйруғи ижросини таъминлашга асосий эътибор қаратилди. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамда Андижон вилояти прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу йиғилишда асосий эътибор улгуржи, кичик ва ўрта бизнес истеъмолчиларига табиий газ етказиб бериш жараёнини тўлиқ автоматлаштириш масаласига қаратилди. Хусусан, соҳага масофадан туриб бошқариладиган ўчириб-ёқиш клапанларини жорий этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Тадбир давомида нафақат техник янгиланишлар, балки ходимларнинг масъулияти борасида ҳам жиддий талаблар қўйилди. Якунда соҳада қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда истеъмолчиларга сифатли ва шаффоф хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
