Андижонда суюлтирилган газ тўлдириш шохобчаларида ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунига етказилди

23.09.2025 45
Бугунги кунда Андижон вилоятидаги “зангори ёқилғи” истеъмолчиларининг асосий қисмини суюлтирилган газ фойдаланувчилари ташкил этади. 490 мингдан ортиқ истеъмолчини куз-қиш мавсумида ҳам бир маромда газ билан таъминлаш учун эса газ тўлдириш иншоотларида ҳам пухта тайёргарлик кўриш талаб этилади. Андижонлик соҳа ходимлари эса, мазкур вазифани тўлақонли бажариб, суюлтирилган газ йўналишида куз-қишга тайёргарлик ишларини якунига етказдилар.
Суюлтирилган газ етказиб беришда нафақат махсус автотранспорт воситаларининг, балки газ тўлдириш шохобчаларининг ҳам ўрни беқиёс бўлганлиги учун вилоятдаги ҳар уччала шохобчаларда режадаги ишлар бажарилди. “Асака, “Шаҳрихон” ҳамда “Қўрғонтепа” ГТШларнинг барчасида энг аввало, суюлтирилган газ қувурлари изоляция қилинди. Бу билан эса, қишнинг совуқ ҳароратида ҳам газнинг музлаб қолиши олди олинадиган бўлди. Шунингдек, компрессорлар янгиланди, зулфин ва газ қуйиш колонкалари таъмирдан чиқарилди. Сув ҳавзалари, ёнғинга қарши ишлатилувчи ускуналар шай ҳолатга келтирилди. Генератор учун ёқилғи заҳиралари ташкил қилинди.
“Жорий куз-қиш мавсумида истеъмолчиларимизга 43 минг 337 тонна газ етказиб беришни режалаштирганмиз, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали директорининг суюлтирилган газ масалалари бўйича ўринбосари Сардорбек Нурматов. – шундан октябр-декабр ойларида 21 минг 794 тонна, 2025 йилнинг 1-чорагида эса 21 минг 542 тонна газ етказиб берилади...”
Бугунги кунда вилоятда аҳлига газ тўлдириб берувчи 3 та иншоотдаги газ қуйиш колонкалари сони 32 та ташкил қилмоқда. 20 та сиғимларнинг газ сақлаш қуввати 283 тоннани ташкил этиб, бир ой давомида 3 минг 276 тонна газ етказиб бериш имконияти бор. Соҳа ходимлари эса бор имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда мавсумни беталофат ўтказиш учун меҳнат қилишга бел боғлаганлар.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати