Андижонда суюлтирилган газ йўналишида ҳам куз-қишга тайёргарлик ишлари якунига етказилди
10.11.2023 230
Бугунги кунда Андижон вилоятидаги “зангори ёқилғи” истеъмолчиларининг асосий қисмини суюлтирилган газ фойдаланувчилари ташкил этади. 473 мингдан ортиқ истеъмолчини куз-қиш мавсумида ҳам бир маромда газ билан таъминлаш учун эса газ тўлдириш иншоотларида ҳам пухта тайёргарлик кўриш талаб этилади. Андижонлик соҳа ходимлари эса, мазкур вазифани тўлақонли бажариб, суюлтирилган газ йўналишида куз-қишга тайёргарлик ишларини якунига етказдилар.
Суюлтирилган газ етказиб беришда нафақат махсус автотранспорт воситаларининг, балки газ тўлдириш шохобчаларининг ҳам ўрни беқиёс бўлганлиги учун вилоятдаги ҳар уччала шохобчаларда режадаги ишлар бажарилди. “Асака, “Шаҳрихон” ҳамда “Қўрғонтепа” ГТШларнинг барчасида энг аввало, суюлтирилган газ қувурлари изоляция қилинди. Бу билан эса, қишнинг совуқ ҳароратида ҳам газнинг музлаб қолиши олди олинадиган бўлди. Шунингдек, компрессорлар янгиланди, зулфин ва газ қуйиш колонкалари таъмирдан чиқарилди. Сув ҳавзалари, ёнғинга қарши ишлатилувчи ускуналар шай ҳолатга келтирилди. Генератор учун ёқилғи заҳиралари ташкил қилинди.
“Жорий мавсумда истеъмолчиларимизга 43 минг 163 тонна газ етказиб беришни режалаштирганмиз, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали директорининг суюлтирилган газ масалалари бўйича ўринбосари Зафарбек Қаҳҳоров. – Шундан октябр-декабр ойларида 21 минг 680 тонна, 2024 йилнинг 1-чорагида эса 21 минг 483 тонна газ етказиб берилади. Ҳозирда 2500 дона маиший газ баллондан иборат заҳира яратилган...”
Бугунги кунда вилоятда аҳлига газ тўлдириб берувчи 3 та иншоотдаги газ қуйиш колонкалари сони 107 та ташкил қилмоқда 63 та сиғимларнинг газ сақлаш қуввати 1 минг 683 тоннани ташкил этиб, бир ой давомида 9 минг 250 тонна газ етказиб бериш имконияти бор. Соҳа ходимлари эса бор имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда мавсумни беталофат ўтказиш учун меҳнат қилишга бел боғлаганлар.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати