Андижонда

АНДИЖОНДА ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ


13.11.2022   201

Андижон шаҳридаги «Toshkent Premium» тантаналар саройида тиббиёт ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда шаҳар ва туманларнинг тиббиёт ходимлари, соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари, фахрийлар иштирок этдилар.

Юртимизда бугунги кундааҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкам қарор топтириш, ҳар бир фуқаронинг соғлиғини асраб-авайлаш, уларни малакали тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг меҳнати эътирофга лойиқдир.

Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, шифокорларнинг ҳаётимиздаги ўрни нақадар муҳим эканлигини алоҳида айтиб ўтди. Вилоятда сўнгги йилларда бу соҳанинг жадал ривожланиб бораётгани, эришилаётган натижалар ва янги ютуқлар ҳақида тўхталиб, жорий йилнинг ўзида аҳоли саломатлиги йўлидакўплабюқори технологик жарроҳлик амалиёти турлари ҳаётга тадбиқ этилганини мамнуният билан тилга олди.

Шунингдек, тадбирда вилоятимизнинг ижтимоий ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг жорий этишга ва тиббий маданиятни оширишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган тиббиёт соҳаси ходимларининг бир гуруҳи вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи, ташаккурномаси ва совғалари билан тақдирландилар.

Ўз ҳаётини инсоннинг соғлиғи ва ҳаёти тўғрисида ғамхўрлик қилишга бағишлаган тиббиёт ходимларидан яна бир гуруҳига эса, “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаккурномалари тақдим этилди.

Байрам тадбири бир пиёла чой устида таниқли санъаткорлар, рақс ансамбллари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.

«Andijonnoma.uz» online гуруҳи.