Андижонда

АНДИЖОНДА ТУРМУШ ЎРТОҒИНИ ЎЛДИРИШГА ҚАСД ҚИЛГАН АЁЛ ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ


28.03.2022   1677

Андижонда рашк туфайли юзага чиққан оилавий келишмовчилик оқибатида турмуш ўртоғини ўлдиришга қасд қилиб, жиноятни охирига етказа олмаган аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда «andijonnoma.uz»га вилоят суди матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, икки йил аввал Комила Турсунова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) рашк оқибатида келиб чиққан можаро ортидан турмуш ўртоғини ўлдиришга қасд қилади. Бунинг учун 30 минг АҚШ доллари эвазига қотил ёллаб, келишилган маблағнинг маълум қисми ҳамда тилла тақинчоқларни дастлабки тўлов сифатида суиқасд “ижрочиси”га бераётган чоғда тезкор ходимлар томонидан ушланади. Ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра қотилликни ниҳоясига етказа олмаган аёл суднинг ҳукмига кўра, озодликдан маҳрум этилади.

Шундан сўнг маҳкуманинг турмуш ўртоғи Аҳрор Мансуров фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига даъво ариза киритиб, Комила Турсуновани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўрайди. Бунга асос сифатида аёли айни пайтда қамоқда эканлиги, ушбу ҳолат фарзандларининг руҳияти ва келажагига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирган. Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.

Кейинчалик жавобгарнинг вакили фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти келтирган. Бироқ Андижон вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2022 йил 17 март кунги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирган.

Вилоят судининг судьяси Гулнорахон Асранованинг қайд этишича, Оила кодексининг 79-моддасига кўра, ота-она ўз болаларининг ҳаёти ва соғлиғига ёхуд эри(хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш белгиланган.

Судьянинг қўшимча қилишича, даъвогарнинг апелляция инстанцияси суди мажлисида сўралган вояга етмаган фарзандлари ўз тушунтиришларида отаси билан яхши яшаб келаётганликларини, онаси билан кўришишни истамасликларини, онаси билан бирга яшаган даврларида уларни кўп марта урганлигини, отасини ўлдирмоқчи бўлганлигини, ҳатто онасининг бошқа қариндошлари билан ҳам кўришишни истамасликларини баён қилганлар.