Андижонда

Андижонда ўқув-амалиёт маркази ўз фаолиятини бошлади


07.07.2025   251

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқаруви раиси Маъруфхон Ходжаев Андижон вилоятига ташрифи давомида водий вилоятларида фаолият кўрсатувчи газ соҳаси ходимларининг табиий ва суюлтирилган газ ҳамда маҳаллабай йўналишларида малака оширишига мўлжалланган ўқув-амалиёт марказини ташкил этиш бўйича ташаббусни илгари сурган ва уни тайёрлаш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берган эди.Қисқа муддат ичида мазкур марказ битказилди ва ўз фаолиятини бошлади.

Мазкур ўқув-амалиёт маркази табиий ва суюлтирилган газни етказиб бериш борасидаги барча босқичларни ўз ичига олган. Хусусан, чилангарлар учун табиий газни автоматик газ тарқатиш шохобчасидан олиниши, қабул қилиб олинган табиий газни дастлаб махсус ҳисоблагичдан ўтиш жараёни, сўнгра газ тақсимлаш пункти, ер ости газ қувурлари ва уларнинг кўринишлари, газ қувурларини электрокимёвий ҳимоялаш ва хонадонгача етказиб беришнинг барча босқичлари бўйича кўргазмали ўқув қуроллари тайёрланган. Шунингдек, маҳалла газчилари учун хонадондаги газ ҳисоблаш ускунаси, уй ичи газ жиҳозлари, икки контурли печлар, суюлтирилган газ ходимлари учун эса суюлтирилган газни ишлаб чиқариш заводларидан то истеъмолчига етказиб берилгунга қадар бўлган барча жараёнлар кўргазмада акс эттирилган.

“...Бугунги амалий дарс жараёнларида соҳадаги ёш мутахассисларга табиий газни етказиб беришдаги жараёнлар ҳақида маълумот бердик, - дейди “Асакатумангаз” газ таъминоти бўлимининг тажрибали мутахассиси Музаффар Ашуров. – Бунда газ тақсимлаш қурилмасидаги қисмлар ва уларнинг бажарадиган вазифаси, ер ости ва ер усти газ қувурларининг ўлчовлари, диаметрлари, табиий газ босимлари ҳақида гаплашдик...”

Кеча, ўқув амалиёт марказида дастлабки ўқув жараёнлари бошланди. Унда Асака, Марҳамат ва Шаҳрихон туманларининг ёшлари ҳамда муддатли синов билан янги ишга қабул қилинган ходимлар иштирок этишди. Барча иштирокчилар якунда ўзлари қизиқтирган саволларга жавоб олишиб, тажрибали ходимлар билан фикр-мулоҳаза алмашдилар.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати