Андижонда

Андижонда ўтган йилда 18 мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаати ижобий ечим топган


07.01.2025   1041

Бугунги кунда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш билан бирга, уларнинг мурожаатларини ҳам вақтида қондиришни ўз олдига асосий мақсад қилиб олган. Ҳар бир мурожаат ортида қайсидир бир юртдошимизнинг тақдири ётади. Буни яхши англаган “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимлари ходимлари ҳам ҳар бир мурожаатни ўрганишда мурожаатчи билан учрашиб, муаммонинг асл мақсадини ўрганишга ҳаракат қилмоқдалар. Мурожаат қилаётганларнинг барчасига нафақат истеъмолчи, балки биринчи навбатда сизу биз билан ёнма-ён яшаётган юртдошимиз, ватандошимиз сифатида қаралмоқда. Ана шундай инсоний ёндашувлар бугунги кунда аксарият муаммоларни ҳал этишга ёрдам бермоқда.

“Ўтган йил давомида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 21 191та мурожаат келиб тушган, — дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали Ижро назорати бўлим бошлиғи Салоҳиддин Қаҳҳоров. - Ушбу мурожаатларнинг 14 828 таси виртуал қабулхоналар орқали келиб тушган бўлса, қолган мурожаатларнинг 4 038 тасини оғзаки, 1 414 тасини ёзма, 4 та электрон ҳамда 907 тасини “Ишонч телефонлари” орқали келиб тушган мурожаатлар ташкил қилади. Шунингдек, 944 нафар фуқаро бевосита Филиал биносида қабул қилинган ҳамда 2 666 нафар фуқаронинг мурожаатлари сайёр қабулларда тингланган ва ижрога йўналтирилган».

Барча мурожаатлар Филиал ва унинг бўлимларидаги ижро назорати бўлимлари томонидан тўлиқ назоратга олинган. Ўтган давр мобайнида мурожаатларнинг 18 804 та ёки 89 фоизи ижобий ҳал этилган ёки мурожаатчининг талаби қаноатлантирилган. 1 774 нафар (8.2 %) мурожаатчига тушунчалар берилган. Рад этилган мурожаатлар 5 та (0,1 %) ва айни пайтда эса 578 та (2,7 %) мурожаат ўрганилмоқда.

“Ўтган давр мобайнида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиал маъмуриятига бевосита 842 нафар жисмоний ва 263 нафар юридик шахслар ариза ва шикоятлар билан мурожаат этганлар. Ушбу 1 105 та мурожаатнинг 658 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 419 та истеъмолчига тушунча берилган. 3 та мурожаатчига рад жавоби берилиб, 25 та мурожаат ўрганиш жараёнида. Шунингдек, жойларда ҳам “Ҳудудгазтаъминот” АЖ вакиллари билан сайёр қабуллар ташкил этилди. Мазкур қабулларда ҳам фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларга ечим топилди», — дейди Филиал мутахассиси Баҳодир Тўхтасинов.

Филиал маъмуриятига келиб тушган мурожаатларнинг 398 тасида табиий газ таъминоти тўғрисидаги масалалар кўтарилган. 34 нафар мурожаатчи табиий газ билан газлаштириш тўғрисида, 267 нафари фойдаланилган табиий газ учун тўловлардаги муаммолар хусусида мурожаат қилганлар. 368 та мурожаатда суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар баён этилган. Қолганларида эса молиявий ва бошқа турдаги масалаларни ечиш ҳақида жисмоний ва юридик шахслар мурожаат этган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимларига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ҳал этилмоқда ёки тушунча берилиб, мурожаатчининг кўнгли олинмоқда. Бугун Филиал тизимида ҳар бир мурожаатчига истеъмолчи сифатида қаралиб, таъминотни янада яхшилаш учун қилган мурожаатларидан керакли хулосалар қилинмоқда.

Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти матбуот хизмати