Андижонда

АНДИЖОНДА ВИЛОЯТ ҲОКИМИ МАҲАЛЛАЛАРДА ИШ БОШЛАГАН ЁШЛАР ЕТАКЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ


21.01.2022   467

Бугун Андижон шаҳридаги Ёшлар марказидаЎзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-92-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида видеомулоқот шаклида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда шаҳар-туман ҳокимлари, сектор ва мутасадди ташкилот раҳбарлари, янги тайинланган ёшлар етакчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қарорнинг моҳияти, янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш мақсадида ҳар бир шаҳар ва қишлоқлардаги маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилганлиги ҳақида сўз юритди.

Таъкидлаш жоизки, вилоятимизда етакчи лавозимига ёшлар билан ишлаш тажрибасига эга, ўзига эргаштира оладиган, шахсий фазилатлари билан намуна кўрсатган, фидойи, садоқатли ва ватанпарвар 887 нафар номзод тайинланди.

Ёшлар масалалари билан шуғулланиш ва ҳудудларда ушбу фаолиятни мувофиқлаштириш вилоят ҳамда шаҳар ва туман ҳокимлари томонидан амалга оширилиши билдириб ўтилди.

Уларнинг ойлик иш ҳақи миқдори бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда белгиланади.

Етакчиларнинг асосий вазифалари ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни "Ёшлар дафтари" ва "Ёшлар портали" электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилишдан иборат. Бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириши лозим. Ҳаётда ўз ўрнини топиб, интеллектуал ва маънавий ривожланишига кўмаклашади. Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлганлар билан тизимли ишлар олиб боради.

Шунингдек, ўзига бириктирилган маҳаллаларда мақом, бахшичилик ва эст-рада бўйича танловлар, "Камалак юлдузлари" болалар ижодиёт фестиваллари, спортнинг мини-футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, велоспорт, югуриш, шахмат, шашка, бадминтон, камондан отиш бўйича мусобақаларини, саломатлик учун 5000 қадам юриш марафони ҳамда "Ёш эколог" акциясини ўтказадилар. Ёшларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш ва бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан вилоят ҳокимининг ёрдамчилари билан ҳамкорликда иш олиб борадилар.

Маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришаётган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар етакчи бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда ҳар чоракда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

Ёшлар ишлари агентлигига етакчиларни ҳар чорак якуни бўйича ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача миқдорда мукофотлаш ҳуқуқи берилди.

Бошқа ҳудудлардан келиб ўз фаолиятини олиб бораётганлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваригача (540 минг сўм) бўлган миқдорда тураржой ижара тўлови қоплаб берилиши кўзда тутиляпти.

Йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришганларга уй-жой олиш учун субсидия ажратилади.

Етакчи лавозимига ишга қабул қилинган шахсларнинг ҳарбий ва махсус унвонлари сақлаб қолинади.

Вилоят ҳокими етакчиларни қизиқтирган саволларига жавоблар қайтарди.

«Andijonnoma.uz» online гуруҳи.