Андижонда

АНДИЖОНДА ЯНГИ ЛОЙИҲА МУҲОКАМАСИ БОШЛАНДИ


03.12.2021   578

Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро суди раиси Эркинжон Собиров Марҳамат тумани Давлат хизматлари марказида “Мадад” ҳуқуқий маслаҳат бюроси ходимлари, адвокатлар ҳамда бир гуруҳ фуқаролар иштирокида ягона дарча тизимини судлар фаолиятига татбиқ этиш лойиҳасининг аҳамияти хусусида тушунтириш ишлари олиб борди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларига тўхталиб, эндиликда судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилиши билан боғлиқ ташаббусни илгари сурган эди. Жумладан, бундан буён, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилиниши, бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишига чек қўйиши таъкидланганди.

Ўз навбатида Олий суд томонидан айни масалага доир лойиҳа ишлаб чиқилиб, судьялар, адвокатлар ҳамда кенг жамоатчиликка ҳавола этиш, лойиҳа юзасидан фикр-мулоҳазаларни умумлаштириш жараёнларига киришилди.

Жойларда бошланган мулоқотда янгича ёндашувнинг қулайлик ва афзалликлари борасида сўз юритилди, муҳокама жараёнида тадбир иштирокчилари ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилмоқдалар.

Шунингдек, Асака тумани Давлат хизматлари марказида ҳам фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича Асака туманлараро судлари томонидан ана шундай тадбир ташкил этилди.