Андижонда

Андижонда янги микро ГЭСлар : ДАСТЛАБКИСИ 300 ТА ХОНАДОНИНИ ЁКИ 1 200 НАФАР АҲОЛИНИ ЭКОЛОГИК ТОЗА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯ МАНБАИ БИЛАН ТАМИНЛАЙДИ


16.06.2023   810

Андижонда янги микро ГЭСлар нинг очилиш маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳманов, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раиси, ҳамда соҳага алоқадор тадбиркорлар, маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Бундай янги истиқболли лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳияти янада ортади ҳамда тоза ва арзон яшил электр энергия манбасини ишлаб чиқариш кескин оширилади. Шу мақсадда, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан республика бўйлаб жами 250 та умумий қуввати 125 МВт, ўртача йиллик ишлаб чиқариши 675 млн.кВт.соат бўлган микро ГЭС лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилди.

Бунга яққол мисол Андижон туманининг Завроқ маҳалласи каналининг биринчи пикетида қуввати 200 кВт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,2 млн.кВт.соат бўлган Завроқ микро ГЭС ишга туширилишидир. Ушбу лойиҳани ишга туширилиши Андижон туманининг 300 та хонадонини ёки 1 200 нафар аҳолисини экологик тоза электр энергия манбаи билан таъминлаш имконини беради.

Лойиҳанинг умумий қиймати 3,4 млрд.сўмни, хусусан асбоб-ускуналар 1,9 млрд.сўмни, қурилиш-монтаж ишлари 1,5 млрд.сўмни, шундан 220 млн. сўм қувватни тармоққа узатиш харажатларини ташкил этди. Лойиҳанинг ўзини иқтисодий жиҳатдан қоплаш муддати 4,4 йилни ташкил этади.

Шунингдек, вилоятимизнинг Олтинкўл тумани да ҳам Улуғнор каналининг саксон бешинчи пикетида янги чархпалак типидаги микро ГЭСи ҳам янги қувватда ишга туширилди. Қуввати 50 кВт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 360 минг. кВт.соатни ташкил этган мазкур микро ГЭС 150 та хонадонни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкониятини беради.

Аҳамиятли жиҳати, лойиҳа доирасидаги лойиҳалаштириш, қурилиш ҳамда ускуналарни ўрнатиш ишлари нисбатан қисқа вақт оралиғида, яъни, 2 ойда амалга оширилишига муваффақ бўлинди.

Эътиборлиси, мазкур лойиҳанинг лойиҳа ҳужжатлари “Ўзбекгидроэнерго” АЖ таркибидаги “Гидропроект” АЖ томонидан 10 кун муддатда ишлаб чиқилган бўлса, лойиҳа агрегатлари “Сувсаноатмаш” АЖ ишлаб чиқариш негизида, саноат кооперацияси асосида Хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда қисқа 1 ойлик фурсатда ишлаб чиқарилиб, лойиҳа майдонига етказиб берилди.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, биргина Андижон вилоятида аниқланган дастлабки рўйхатга кўра умумий қуввати 19 МВт жами 52 та микро ГЭСларни қуриш режалаштирилган. Шундан, жорий йилда умумий қуввати 2 130 кВтли 7 та қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, сув босимида ишловчи 3 та микро ГЭС, 2 та сув юзида сузиб турувчи кинетик гидроагрегат ҳамда 2 та чархпалак туридаги лойиҳанинг ишга туширилиши кўзда тутилган.

Энг муҳими, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ҳудудларда узлуксиз электр энергияси таъминотига эга бўлиш билан бирга, 40 тага яқин доимий янги иш ўринлари яратилади.

Қурилиш-монтаж ишлари тендер савдолари орқали аниқланган маҳаллий пудрат ташкилоти томонидан 45 кунда амалга оширилди.

Бундан ташқари, 2023-2024 йилларда Андижон вилоятида қуввати 6,9 МВт, ўртача йиллик энергия ишлаб чиқариши қуввати 33,0 млн.кВт.соатга тенг “Жанубий Фарғона каналида ЖФК-3 ГЭС қурилиши” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Ушбу лойиҳани ишга тушириш орқали, келгусида Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги 14 минг хонадонни экологик тоза энергия манбаи билан таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, ҳудудларда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Ҳиндистоннинг “МАКЛEК” компанияси ўртасида сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали инновацион гидроагрегатларни Ўзбекистонда “Made in Uzbekistan” бренди остида ишлаб чиқариш ҳамда амалиётга кенг татбиқ этиш мўлжалланган. Мазкур инновацион гидроагрегатлар ҳам республикада биринчи бўлиб айнан Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри Шаҳрихонсойда 2023 йилнинг июль ойида жорий этилиб, жами қуввати 800 кВт бўлган 2 та агрегат ўрнатилади.