Андижонда "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги" доирасида соҳа ходимлари томонидан ҳамкорликдаги назорат тадбирлари ўтказилмоқда
16.12.2025 103
Ҳаво совиб борган сайин иситиш мосламаларига эҳтиёж ортиб боради. Шу даврда табиий газ ёки муқобил ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланиш ҳажми кескин ошгани сабабли уй-жойда, тунда инсонлар қоладиган жойларда эҳтиёт чораларига амал қилмаслик ҳолатлари кўп учрайди. Иситиш муаммоси билан боғлиқ фожеаларнинг тез-тез бўлиб туриши сабабли қиш фасли йилнинг энг ташвишли мавсуми ҳисобланади.
Бир неча йиллардан бери ҳар йили айнан қиш мавсуми арафасида мамлакатимизда ёнғинлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилади. Жорий йилда ҳам декабр ойлиги “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” деб эълон қилинди ва ойлик доирасида биринчи галда аҳолининг ёнғин хавфсизлиги масалаларида билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда уларда шахсий хавфсизлик маданиятини шакллантириш, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда уй-жой фондини ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ ҳолга келтириш асосий мақсад қилиб олинган.
Газ соҳаси ходимлари ҳам Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ва аҳоли орасида тушунтириш ишларида фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, кўп квартирали уйлар ва якка тартибдаги уй-жойлар, бозор, йирик савдо мажмуалари ва аҳоли кўп тўпланадиган бошқа объектларда кенг қамровли профилактик-огоҳлантирув тадбирлари ўтказилмоқда.
Маҳаллаларда “хонадонбай” тартибида ўтказилаётган профилактик тадбирларда аҳоли ўртасида ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ёки ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган тушунтириш ва тарғибот ишлари бўйича амалий ҳаракатлар давом этмоқда.
“...Фуқаролардан хонадондаги электр, газ ва иссиқлик таъминоти қурилмаларини доимий назорат қилиб бориши ва улардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш, хонани иситишда газ плитасидан фойдаланмаслик, ёш болаларни қаровсиз қолдирмаслик ва уларга газ жиҳозларидан фойдаланишга рухсат бермаслик сураб қолардик-, дейди “Хонободшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими муҳандиси Илҳомжон Болтабоев.
Хонобод шаҳри ва Бўстон туманида Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бўлими ва газ таъминоти идоралари ходимлари ҳамкорлигида савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларида суюлтирилган газдан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш тартиби бўйича ўрганиш ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Назорат тадбирлари давомида маиший газ баллонларнинг техник ҳолати кўздан кечирилди, уларни тўғри сақлаш қоидаларига риоя этиш юзасдан огоҳлантиришлар берилди.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
