Андижонда

АНДИЖОНДА ЁШЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАНТАНАЛИ ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ


30.06.2022   1376

30 июнь – Ёшлар куни. Янги Ўзбекистонда келажагимиз бунёдкорлари бўлмиш ёш авлодни қўллаб-қувватлаш мақсадида эълон қилинган шукуҳли байрам.

Бундан роппа-роса беш йил олдин Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар ҳаракати қурултойида қатнашиб, 30 июнь санасини мамлакатимизда Ёшлар куни, деб эълон қилишни таклиф этган эди. Шундан буён ушбу сана юртимизда катта байрам сифатида нишонланиб келмоқда.

Ёшлар куни муносабати билан бугун Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғининг анфитеатрида Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми ташкил этилди.

Ушбу форумдаЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев онлайн тарзда қатнашиб, бутун Ўзбекистон ёшларига байрам табригини етказди ва йиғилган йигит-қизлар билан мулоқот қилди. Ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, улар бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

– Ёшларга қаратаётган эътиборимиз натижалар бераётганини кўриб, хурсанд бўлдим. Бугун ҳеч бир соҳа йўқки, ёшлар муваффақиятга эришмаётган бўлса. Ёшларнинг йўлини очиб берсак, уларга елкадош бўлсак, янада улкан натижаларга эришамиз. Менинг энг катта ишонган кучим, давлатимизнинг энг катта бойлиги – бу ёшлар, – деди Президент.

Шунингдек давлатимиз раҳбари юртимиз бўйлаб ғайрати баланд, интилувчан ўғил-қизлар иштирокида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган фестиваллар барча ёшларимиз учун етуклик ва ҳақиқий ватанпарварлик кўриги бўлганини таъкидлади.

Мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, ҳуқуқ ва манфаатларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада алоҳида давлат ташкилоти – Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилган. Бундан ташқари, Ёшлар иттифоқи, унинг ҳузурида ўттиздан ортиқ нодавлат ташкилотлар фаолият юритмоқда. Барча шаҳар ва туманларда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури, турли соҳаларни қамраб олган “Беш ташаббус” амалга оширилмоқда.

Ўз ўрнида шуни айтиш жоизки, Президентимизнинг ёшларга оид сиёсатида иккита энг муҳим йўналиш бор: биринчиси – уларга замонавий билим бериш, иккинчиси – ёшлар бандлигини таъминлаш. Кейинги йиллардаги ислоҳотлар, ташаббус ва янги тизимлар замирида ана шу мақсад мужассам.

Хусусан, ёшларнинг билим ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Умуман, барча мактабларга эътибор, ўқитувчиларга рағбат ва ҳурмат ошди. Ёш авлодда билимга интилиш кучайди.

Ўсиб келаётган билимга чанқоқ ёшларнинг талабига мос равишда олий таълим муассасалари сони кенгайтирилди. Кўплаб хорижий университетларнинг филиаллари очилди. Олий таълимга қабул квотаси оширилиб, давлат грантлари кўпайтирилди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга мансуб хотин- қизларга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани минглаб оилаларга қувонч олиб кирди.

Бандлик масаласини олсак ҳам, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилганини кўриш мумкин. Сўнгги йилларда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони бир неча баробар ошгани бунинг яққол далилидир.

Шунингдек, касб-ҳунар мактаби ва техникумлар ўқувчиларига корхоналарда амалиёт ўтаган даври учун субсидия бериш жорий этилгани ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун катта рағбат бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29 июндаги фармонига мувофиқ, ўзининг ижодий ва интеллектуал салоҳияти, танлаган касб йўналиши ва ижтимоий ҳаётда эришган муҳим натижалари билан турли соҳаларда юртимиз равнақига, унинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган фаол ёшлар орден ва медаллар билан мукофотланган эди.

Тадбирда Давлат раҳбари ушбу мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Мукофотланганлар юксак ишонч ва эътибор, ёшларга яратилаётган имкониятлар учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, ўқиш ва интилишда фаол давом этиши, янада катта натижаларга эришиб, давлатимиз ишончини оқлашини таъкидладилар.

Тадбир катта концерт дастури билан якунланди.

«andijonnoma.uz» online гуруҳи.