Андижонда

Андижонда ёшлар сиёсати ижроси янги босқичга чиқмоқда


10.04.2026   7

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февраль куни ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда илгари сурилган ташаббусларнинг ижросини самарали ташкил этиш мақсадида муҳим ташкилий механизм — ёшлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган вилоят штаби фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур штаб ёшлар сиёсатини ҳудудларда изчил амалга ошириш, мавжуд муаммоларни тизимли ўрганиш ҳамда уларнинг ечимини тезкор ташкил этишда мувофиқлаштирувчи марказ вазифасини бажармоқда.

Штаб фаолияти доирасида жойларда ёшлар билан олиб борилаётган ишлар, амалга оширилаётган лойиҳа ва ташаббуслар, ўтказилаётган танлов ва тадбирлар мунтазам таҳлил қилиниб, улар юзасидан маълумотлар ягона тизим асосида жамланмоқда. Шу билан бирга, ҳудудларга амалий-услубий кўмак бериш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқиляпти. Бу фаолиятнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.

Хусусан, “Пайшанба — Ёшлар куни” доирасида ҳудудлардаги тадбирлар, учрашувлар ва очиқ мулоқотлар ҳам айнан ушбу штаб томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Уларда билдирилган муаммо ва таклифлар ўрганилиб, ҳал этиш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Натижада ёшларнинг бандлиги, таълим олиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш борасида аниқ натижаларга эришилмоқда.

Хусусан, ҳудудларда ҳокимлар ва ташкилот раҳбарлари томонидан ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувларида шу кунгача 500 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди. Улардан 9 минг 637 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 4минг 884 таси шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Қолган масалаларга зарур муддатлар белгиланиб, масъул идора раҳбарлари назоратига олинди. Ўтказилган учрашув ва тадбирлар натижасида 3 минг 614 нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлашга, хусусан 2 минг 79 нафар ёшни доимий иш ўрнига жойлаштиришга эришилди.

Оталиққа олинган ёшлар билан учрашувлар натижасида 465 нафар ёш ижтимоий соғломлаштирилиб, тоифадан чиқарилди. Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган 411 та муҳокама йиғилишлари, 121 битта сайёр судларда ўн мингга яқин йигит-қиз иштирок этди. “Ёшлар дафтари” жамғармаси орқали 110 нафар ёшга 401 миллион сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.

Вилоят штаби фаолияти ёшлар билан ишлаш тизимини янги, самарали босқичга олиб чиқмоқда. Айниқса, “Пайшанба — Ёшлар куни” доирасида ўтказилаётган тадбирлар билан узвий боғлиқ ҳолда олиб борилаётган ишлар ёшлар билан мулоқотнинг самарали платформасини яратмоқда. Маданий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ва спорт мусобақалари бўш вақтни мазмунли ўтказишга хизмат қилаётир.

Муҳими, келажак авлод билан ишлашда манзиллилик, очиқлик ва тезкорлик тамойиллари мустаҳкамланиб, “Ёшлар куни” тадбирлари орқали амалий натижаларга эришилмоқда.

Назира УБАЙДУЛЛАЕВА,

вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси.