Андижонда “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда

14.08.2025 96
Республика ишчи гуруҳи томонидан Андижон шаҳридаги “Ёшлар маркази” да ташкил этилган навбатдаги тарғибот тадбирида вилоятдаги ижтимоий соҳа вакиллари, журналистлар иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита маслаҳатчиси Илҳом Маърупов Ватанни садоқат, уни севиш ва эъзозлаш ҳар бир инсондан буюк маънавий жасорат талаб этишини таъкидлади. Бугунги кунда глобаллашувнинг шиддатли тус олиши дунё миқёсида ғоявий-мафкуравий таҳдидларнинг тобора авж олишига замин яратмоқда. Мана шундай бир шароитда тинчлик, барқарорликни сақлашда маънавият ва маърифатга эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади.
– Бугун бола тарбиясида ҳар доимгиданда хушёрроқ, ҳар доимгиданда зукко бўлиш шарт, – деди ўз маърузасида Дин ишлари бўйича қўмита вакили Илҳом Маърупов. – Шундай экан, ҳар бир она боласини дунёга келтиргач аввало уни маърифатли, илмли қилиб тарбиялашга эътибор қаратмоғи лозим. Маърифатли фарзанд тарбиялаш учун эса аёлларнинг ўзи зукко, зиёли, илмли бўлиши даркор. Ота-она, устоз-муаллимлар болани ҳар бир ишини рағбатлантириб, хатоларини сабр билан тўғрилашга ўргатиши, қайта-қайта уриниб кўришга ундаши, куч бериши даркор.
Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, қариндошчилик муносабатларида соғлом муҳитни шакллантириш, жаҳолат қурбони бўлаётган ёшларни тўғри йўлга бошлаш, уларни турли таҳдидлар бўронидан ҳимоя қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
“Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати консепцияси”нинг мазмун-моҳияти, шунингдек, янги қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг амалий ҳаётдаги аҳамияти ҳақида ибратли ва таъсирчанмисоллар келтирилди.