Андижонда

Андижондаги масжидларда газдан хавфсиз фойдаланиш борасида тарғиботлар олиб борилмоқда


03.03.2026   76

Жорий йилда ҳам муборак Рамазон ойида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Андижон вилояти вакиллигига қарашли барча масжидларида таровеҳ намозларини адо этиш режалаштирилган бўлиб, минглаб юртдошларимиз муборак кечаларда ибодатга ошиқади. Бу жараённинг осойишта ва хавфсиз ўтиши муҳим вазифалардан биридир. Шу боис ҳудудларда газ таъминоти тизими ходимлари томонидан масжидларда газдан оқилона ва хавфсиз фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мутахассислар томонидан масжид масъуллари ва жамоатчилик вакилларига табиий газдан оқилона ва хавфсиз фойдаланиш, ис газидан заҳарланишга қарши курашиш бўйича тушунчалар берилмоқда. Тарғиботлар орқали аҳолига газдан бепарво фойдаланишдан олдини олиш, газ жиҳозлари билан ишлаш қоидалари тарқатилмоқда.

Ана шундай тарғибот тадбирлари Андижон шаҳридаги “Мирпўсти ота” ва “Ат-Термизий” жомеъ-масжидларида олиб борилди. Айтиш керакки, мазкур масжидларда Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан ўқиладиган Таровеҳ намозларида кўплаб юртдошларимиз йиғилишади. Бу эса уларнинг хавфсизлигига ёндашиш яна-да муҳим ва долзарб масала эканини кўрсатади. Шунга кўра, тарғиботлар давомида масжид ходимлари билан учрашилиб, бинода газ таъминоти тизими хавфсизлиги кўздан кечирилди. Ис газидан заҳарланишга олиб келувчи сабабларга йўл қўймаслик тушунтирилди. Табиий газ ва газ жиҳозларидан қоидаларга мувофиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Бу каби тарғиботлар вилоятдаги бошқа масжидларда ҳам доимий ўтказиб келинмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати