Андижонлик газчилар учун гастрономик ва экотуризм йўналишида саёҳат ташкил этилди

14.08.2025 108
Сўнгги йилларда ички туризмга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мамлакатимиз раҳбари томонидан айни шу йўналишни янада ривожлантириш, юртимиздаги гўзал қадамжоларнинг тарихи билан яқиндан танишиш, маънавий қарашларни шакллантириш мақсадида ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси – “Оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш” куни, деб эълон қилиниши айтилган эди.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг шу мақсад йўлидаги қадамлари двом этмоқда. Филиалнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан шаҳар-туман бўлимлари ходимлари учун ҳар ҳафта экотуризм, гастрономик ҳамда зиёратгоҳларни зиёрат қилиш мақсадида ходимлар учун саёҳатлар ташкил этилмоқда. Шу кунга қадар соҳа ходимларининг 200 нафари мароқли ҳордиқ чиқариб, дам олишгаэришдилар.
Ана шундай саёҳатларнинг навбатдагиси Наманган вилоятининг Нанай туризм қишлоғига ташкил этилди. Унда газчи ходимлар қишлоқнинг сўлим табиати, таналарга ором берувчи ҳавоси, Подшоотасой ва тоғлар бағридан оқувчи зилол сувлардан баҳраманд бўлдилар. Шунингдек, дам олувчилар ўртасида спорт мусобақалари ташкил қилинди. Саёҳат давомида эса Нанайнинг машҳур қуртлари, қимизу бешмарбоқларидан тотиб кўрилиб, гастрономик туризм йўналишида ҳам янгиликларга эга бўлдилар.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати