АНДИЖОНЛИК “МАРД ЎҒЛОН” - АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИ СОҲАСИ МУТАХАССИСИ
05.07.2022 553
Эндигина 23 ёшли Ҳожиакбар Муҳаммаджоновнинг ахборот технологиялари соҳасидаги республика ва халқаро ютуқларига ҳавас қилса арзийди. Янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёт пойдеворини барпо этишга шай андижонлик бу йигитнинг қалбидаги шижоат, юрагидаги ғурур тенгдошларига намуна.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Ахборот хавфсизлигини бошқариш” мутахассислиги магистранти Ҳ.Муҳаммаджонов Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Беруний” номли давлат стипендиялари соҳиби ҳамдир. 2020 йилда “Йил талабаси - 2020” кўрик-танловининг филиал босқичида “Йилнинг ўз соҳаси бўйича энг билимдон талабаси” йўналиши ғолиби бўлган иқтидор эгаси айни кунга қадар илмий ишлар, инновацион ғоялар, лойиҳалар, ихтиролар, робототехник ишланмалар ҳамда дастурлаш йўналишларида янги ташаббусларни илгари сурмоқда. Илм-фан назарияси, технологик ечимлар, автоматлаштириш соҳасида ютуқларни қўлга киритмоқда. Бу борада унинг 100 дан ортиқ илмий ишлари, тезис ва мақолалари республика ва ҳалқаро нашрларда чоп этилган.
Ҳожиакбар Муҳаммаджоновнинг “Оптик тармоқларда ахборот хавфсизлиги” номли монографияси ҳамда “Автоматик бошқариш техникасига кириш” услубий қўлланмаси мазкур йўналишда таълим олаётган ёшлар учун қулай дастур бўлиб хизмат қилаётир.
У Германияда “Development of tin tack to the terminal or tin filling terminal” деб номланган илмий ихтиро ишига халқаро патентни қўлга киритган.
Ҳожиакбар бугунга қадар 5 дан зиёд мактаб сайтлари, 40 дан ортиқ робототехник қурилмалар,15 дан ортиқ дастурий воситалар яратувчиси ҳамда 3 та йирик инновацион лойиҳа, 21 та инновацион тарғибот лойиҳалар, 20 та инновацион қурилма лойиҳалар муаллифдир.
Янги Ўзбекистоннинг мана шундай ёшлари буюк ва ёруғ келажакни яратувчилардир. Қатъий мақсад билан ташланаётган уларнинг шахдам қадамлари фақат эзгулик сари юрт тараққиётига дахлдорликни ўзида мужассам этаётир. Уларга фақат ҳавас қилиш мумкин...
Зилола РАҲМОНОВА.
Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.
