АНДИЖОНЛИК НУРОНИЙЛАРГА «МЕҲНАТ ФАҲРИЙСИ» КЎКРАК НИШОНИ ТОПШИРИЛДИ
13.08.2022 691
Кексаларни эъзозлашдек халқимизга хос қадрият азалдан миллатни бир-бирига жипслаштириш, одамлар орасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилганлигига кўхна тарихимиз гувоҳдир.Давлатимиз томонидан кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора тадбирлари эса жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Кекса-нуронийлар хонадонимиз кўрки, дастурхонимизни эса файзу-баракотидир. Уларнинг қилган дуолари ҳаётимиз, оилаларимиз, Ватанимиз ҳамда йўлимизни нурафшон этиб туради ва яхши ишларга ундайди.
Бугун Андижоннинг кўрки бўлган «Кўҳинур» тантаналар саройида Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги тантаналари арафасида нуронийларни эъзозлаш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Содиқжон Турдиев ўз табрик сўзлари билан бошлаб берди.






Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фаҳрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармонига асосан Андижон вилоятидаги 70 нафар жонкуяр нуронийлар ҳамда соҳа мутахассислари «Меҳнат фаҳрийси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
- Биз ушбу тадбирга мана шундай юксак мукофотга сазовор бўлган инсонларни қутлаш учун жам бўлдик, - дейдивилоят ҳокимининг Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари Муҳаммаджон Нишонов. – Юртимизнинг эртанги кунининг яратилишида барчамизга ҳаёт тажрибалари билан ўрнак сифатида келтирилаётган нуроний отахон ва онахонларимизни қанча эъзозласак шунча оз. Уларни қадрлаш асрлар давомида шаклланиб келаётган миллатимизнинг том маънодага интеллектуал маънавий меросдир. Шундай экан, кексалари бор хонадондаги ёшлар биринчи навбатда уларни эъзозлаб, бу дунёда уларнинг борлиги учун Аллоҳга шукроналар айтиши, иззат-икромларини жойига қўйишлари лозим.
Дарҳақиқат, ёши улуғ отахон-у мўътабар онахонларимизни эъзозлаш ва уларни қадрлаш, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш бизнинг узоқ асрлик урф-одатларимиз, миллий анъаналаримиз ҳамда яшаш тарзимизнинг ажралмас бир бўлагига айланган десак асло муболаға бўлмайди. Бу биринчи навбатда кекса авлод вакилларига бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш бўлса, иккинчидан ёш авлод учун улкан тарбия ва тажриба мактаби бўлади.
Нуржаҳон Йўлдошева.
Муаллиф олган суратлар.
