Андижонда

Андижонлик соҳа ходимлари орасида ҳам миллий либослар тарғиб қилиниб, газчи аёллар “Хон атлас” фестивалида фаол иштирок этмоқдалар


19.09.2025   92

Ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одати, анъаналари ва маданий мероси бор. Миллий либослар эса ана шу бебаҳо мероснинг ёрқин тимсолидир. Улар нафақат гўзаллик ва нафислик, балки халқнинг тарихини, ўзига хослигини, санъати ва дидини акс эттиради. Бугун миллий либослар замонавийлик билан уйғунлашиб, кундалик ҳаётимизга қайтмоқда. Улар нафақат байрамларда, балки ишда, тадбирларда, кундалик турмушда ҳам фахр билан кийилмоқда. Чунки миллий либос – бу миллий ғурур, бизнинг аждодларимиздан қолган бебаҳо мерос!

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимлари мутахассислари ҳам миллий урф одатларимизни эъзозлаган ҳолда эрта тонгдан миллий дўппи ва миллий либосда кўтаринки кайфият билан иш кунини бошладилар.Эркаклар дўппи ва аёл ходимлар эса адрас, атлас ва бошқа турдаги миллий либосларда маънавиятни кенг тарғиб этилишига ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилмоқдалар.

Шунингдек, анъанага айланиб бораётган “Хон атлас” фестивалида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали аёл-ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хон атлас – энг ёрқин ранглар табиат жилоси, гуллар тасвирини ўзида мужассам этган ўзбек миллий матоси ҳисобланади. Мазкур матони қадимда фақат хонлар кийгани учун ҳам хон атлас номи билан аталган. Бутун республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Хон атлас” фестивалидан кўзланган асосий мақсад ҳам миллий либосларимизда халқимизнинг асрларга туташ бўлган ўтмиши, урф-одати ва анъаналари, диди, эстетик қарашлари, ўзига хос хусусиятлари мужассамлигини намойиш этишдир.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати