Андижонлик соҳа ходимлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида ҳам фаол иштирок этадилар

15.10.2024 457
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир эмас. Дарҳақиқат, яшаб турган жойимизни озода сақлаб, биздан кейинги авлодлар ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши учун бугун биз табиатга меҳр ва эътибор берсак, келажак авлод ҳам муносиб экологик шароитда яшайди. Бунинг учун биздан талаб қилинадигани – табиатни тоза-озода сақлаган ҳолда ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш ҳамда дарахт экиб, боғ яратишдир.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимлари ходимлари томонидан “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатининг кузги мавсумида ҳам мевали, манзарали, эстетик завқ берувчи дарахт кўчатларини экиш ишлари давом эттирилади.
Умуммиллий ҳаракатнинг баҳорги мавсумида Филиалнинг барча шаҳар-туман бўлимлари томонидан 8 150 тупдан ортиқ манзарали ва мевали кўчатлар экилди. Шундан 5 590 туп терак, 1 130 туп павлония ҳамда 1 430 туп гилос, олма, беҳи, узум, анор, хурмо, нок, шафтоли кўчатлари бўлимлар ҳудудлари ҳамда “Янги Андижон” массивидаги белгиланган жойларга ўтқазилди.
“Пахтаободтумангаз” газ таъминоти бўлимида ҳам кўчат экиш ишлари қизғин олиб борамиз, — дейди туман газ таъминоти бўлими бошлиғи Баҳодиржон Қосимов. – Ҳозиргача туманимиздаги ҳаракатларда ҳам фаол иштирок этмоқдамиз. Тумангаз бўлими ҳудудида боғимиз бор, лекин мана янги кўчатларни мева беришни тўхтатган дарахтлар ўрнига экишни режалаштирганмиз. Шу кўчатлар ҳосилга кирса, мевасидан ўзимизни ходимлару идорамизга ташриф буюрганлар ҳам баҳраманд бўлади...”
Юртимиз бўйлаб эълон қилинган, дарахт экиш, кўкаламзорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатида фаол қатнашиш мақсадида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимлари томонидан кўчат экиш, боғ яратиш ишлари амалга оширилмоқда.
«Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали матбуот хизмати