Атрофга назар

АНДИЖОНЛИК ТАДБИРКОРЛАР ҚОРАҚАЛПОFИСТОНДА 604 МИЛЛИАРД СЎМЛИК ЛОЙИҲАНИ АМАЛГА ОШИРИШАДИ


26.02.2022   499

Президентимизнинг топшириғига асосан, Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш мақсадида андижонлик тадбиркор ҳамда фермерлар ушбу ҳудудда кенг кўламда фаолият олиб бормоқдалар.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек АбдураҳмоновКегейли туманида бўлиб, ҳамюртларимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Мазкур ҳудудда тадбиркорларимиз 2022-2023 йиллар давомида умумий қиймати 604 миллиард сўм бўлган 23 та лойиҳани амалга оширишни режалаштиришган. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 1700 та янги иш ўринлари яратилади, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Жараёнда вилоят раҳбари "Сабо ҳамкор" МЧЖга қарашли замонавий "Nethouse" ёзги иссиқхона ва логистика марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Андижонлик тадбиркор томонидан 5 миллиард сўм маблағ эвазига бир вақтнинг ўзида 150 китобхонга фойдаланиш имконини берувчи кутубхона қурилиши билан танишди.

Шунингдек, Халқаобод маҳалласидаги хонадонларда бўлди. Ҳозирда ушбу ҳудуддаги оилаларга "Munavvaroy Agro Klaster" МЧЖ томонидан тухумга кирган 2 мингта товуқ тар-қатилиб, яна 8 мингтани етказиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу кластер корхонаси томонидан товуқларга озуқасини ўз вақтида етказиб бериш, ветеринар хизматини йўлга қўйиш ва тухумларини қайта сотиб олиш тизими яратилди. Хонадонларга ишкомлар, кичик иссиқхоналар ҳам қуриб берилмоқда. Тадбиркорларимиз томонидан касаначилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Бу ор-қали аҳолини ҳунарга ўргатиб, ишсизликнинг олдини олиш мақсад қилинган. Мазкур тизим тумандаги барча маҳаллаларда йўлга қўйилади.

Ҳудудни экологик ҳолатини яхшилаш ниятида фаолларимиз томонидан 200 минг туп терак ҳамда 10 минг туп тут дарахти кўчатлари ўтқазилмоқда.

Вилоят ҳокими тадбиркорларнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги лойиҳалари билан атрофлича танишиб, керакли таклиф ва тавсияларини берди.