Андижонликларга 2024 йилда 84 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди

06.01.2025 893
2023 йилда вилоят бўйича суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 476 минг 353 нафар бўлиб, 2024-йил сўнгида эса истеъмолчилар сони 490 минг 607 тани ташкил этди ва 14 254 нафар янги истеъмолчилар сафга қўшилдилар.
“Ўтган 2024 йилда суюлтирилган газ таъминоти истеъмолчиларга тўла онлайн тизим асосида етказиб берилди, — дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали директорининг суюлтирилган газ масалалари бўйича ўринбосари Нодирбек Сайдалиев. – Истеъмолчиларга олдинги йилга нисбатан янада кўпроқ газ етказиб берилди. Жорий йилда ҳам ўз олдимизга истеъмолчиларни ўз вақтида суюлтирилган газ билан таъминлаш, уларга сифатли хизмат кўрсатишни мақсад қилганмиз”.
Бугун вилоятнинг қайси чеккасига борманг албатта одамларни маиший газ баллонларида овқат пишириб, чой қайнатаётганларини кўрасиз. Мисол учун, Асака туманининг “Бўзариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам вилоятнинг чекка ҳудудларида жойлашган маҳаллалардан. 752 нафар истеъмолчига эга маҳалла аҳлида 879 та маиший газ баллонлари мавжуд бўлиб, баллон билан таъминланганлик даражаси 116 фоизга етказилган. Аҳоли суюлтирилган газни ID карталар орқали олаётганига мана икки йилдан ҳам ошди. Онлайн тизим орқали газ етказиб бериш бошланган вақтларда истеъмолчиларда тушунарсиз ва норозиликлар ҳолатлари учраган бўлса, ҳозирда ушбу тизимдан барча мамнун. Махсус карта орқали газ учун тўловни ечиб олиниши, газ учун ортиқча тўлов олмаслик, ҳар бир маиший газ баллонни кузатиш имкони мавжудлиги аҳоли учун қулайлик туғдирмоқда. Ўтган йилда “Бўзариқ”ликларга 111 тонна газ етказиб берилган бўлиб, белгиланган режа амалда 105 фоизга бажарилмоқда.
Ўтган йилда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг суюлтирилган газ етказиб бериш йўналиши ишчилари истеъмолчиларнинг 4 миллион 200 мингдан ортиқ маиший газ баллонларини суюлтирилган газ билан тўлатиб беришган. Жорий йилда эса бу рақамни янада ошириш, истеъмолчилар хонадонларига пешма-пеш газ етказиб беришни мақсад қилганлар.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати