Андижоннинг энг чекка ҳудудларига ҳам суюлтирилган газ онлайн тизим асосида етказиб берилмоқда

05.03.2025 574
Хўжаобод туманининг “Тош ота” маҳалла фуқаролар йиғини Имомота тоғ ён бағирларида жойлашган бўлиб, Андижон вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири саналади. Маҳаллада бугун 396 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари газдан фойдаланиб келмоқдалар. “Хўжаободтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан ушбу МФЙда ҳам “маҳаллабай” тизимида иш ташкил этилган бўлиб, ҳар ойнинг белгиланган санасида суюлтирилган газ етказиб берилади. Шу кунга қадар, тош оталикларга 25 тоннага яқин суюлтирилган газ етказиб берилди ва таъминот 110 фоизга бажарилди. Маҳалла аҳлининг 679 дона маиший газ баллонлари бўлиб, шундан 400 донаси таъминотчи корхона томонидан тарқатилган. Аҳолининг маиший газ баллон билан таъминланганлик даражаси 171 фоизни ташкил этмоқда.
“... Об-ҳавонинг ҳар қандай шароитида ҳам газимизни олиб келиб беришмоқда, - дейди истеъмолчи Гулзода Холматова. Тоғ ён бағирларига қиш эртароқ келиб, баҳор сал кечикади. Ёғингарчилик кўпроқ бўлад. Шу ҳолатлардаям бизни суюлтирилган газ билан таъминлаётган газчиларимиздан миннатдормиз....”
Онлайн тизимнинг қулайлиги нафақат аҳолига, балки соҳа ходимларига ҳам маъқул келмоқда. Чунки тизим ишлашни бошлаши билан, корруцион ҳолатлар, сунъий нархнинг ошиши каби масалаларга чек қўйилди, яъни ҳеч бир истеъмолчида бунга шубҳа қолмади. Олдинлари аҳолида газ нархи ҳақида ҳар хил фикрлар юрган бўлса, ҳозирда ҳамма бирдай хурсанд. Ҳеч ким нақд пул билан тўловни амалга оширмаяпти, олинган газ учун тўлов онлайн тарзда амалга оширилмоқда. Шунинг чилангар ва ҳайдовчилар ҳам махсус мобил дастурлар орқали газ етказиб бермоқдалар. Бу эса уларнинг вақтдан унумли фойдаланиб, тарғибот учун ҳам вақт ажратишларига имкон яратмоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати