Андижонда

Андижоннинг марказий кўчалари узра Бобур лашкари саф тортди...


06.02.2024   1176

Бугун эрта тонгдан Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи гавжум бўлди. Ватанпарварлик ойлиги доирасида “Бобур издошлари” шиори остида ўтказилган ҳарбий-ватанпарварлик саф юриш тадбири айни Андижон шаҳридаги мавжуд умумтаълим мактаблари мутасаддилари, ўқувчилари, ёшлар, маънавият-маърифат соҳаси, ОАВ вакиллари жам бўлган ушбу маскандан бошланди.

Маълумки, ҳозирда барча таълим даргоҳларида махсус синфлар, яъни халқимизнинг буюк сиймолари шарафини улуғлашга хизмат қилувчи синфлар ташкил этилган. Бобур, Навоий, ал-Беруний, ал-Хоразмий каби синфлар шулар жумласидан. Айни шундай Бобур синфларининг ўқувчилари тантанада фаолликни қўлга олганлари бежиз эмас.

Тадбирда сўз олган Муҳаммад Юсуф ижод мактаби директори Шоҳистахон Нурматова бугун ёшларга кўрсатилаётган эътибор, улуғ аждодларимиз издошларига айланишлари учун яратилаётган имкониятлар, шунингдек, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда давлат ва жамият арбоби З.М. Бобур қолдирган адабий-илмий, иқтисодий-сиёсий, маънавий-маърифий мерос асрлар давомида жаҳон адабиётининг нодир хазиналари сифатида эъзозланиб келинаётгани ҳақида фикр юритди. Давомда ўқувчиларнинг ҳарбий чиқишлари, ҳарбий машғулотлардан парчалар йиғилганларда Ватанга муҳаббат, садоқат, она заминни асраш туйғуларини янада оширди, десак муболаға эмас.

Тадбирнинг бош мақсадини ўзида акс эттирган ҳарбий-ватанпарварлик саф юриши Навоий боғидан бошланиб Бобур майдонида якунига етди. Андижон шаҳри марказий кўчаларида саф тортган “лашкар” олдида 12 ёшли, ўрта ёшдаги ва чинакам ҳукмдорлик ва тафаккур тимсолидаги З.М.Бобур сиймолари отга мингандилар... Бундай тарихий манзара замонавий кўринишларга уйғунлашгани эса буюк аждодларимиз руҳи ҳамиша дарвр билан ҳамнафас эканлигига ишорадир.