Атрофга назар

АНДИЖОННИНГ ШУНДАЙ ЖАҲОНГИРЛАРИ БОР!


01.03.2025   425

Кўзлари ёниб турган, юрагидаги шижоати Ватан ишқи, тараққиёти учун жўшаётган Жаҳонгирни илк бор телефон орқали таниганман. Давлатимиз раҳбари билан учрашувда иштирок этган андижонлик ёшларнинг илғор, энг фаол вакилларидан бири бўлган бу йигитдаги муомала маданияти дастлаб суҳбатдошни ўзига тортади. Қайси маънодаки, қарши томонга ҳурмат, самимият билан, эътибор билан муносабатда бўлади. Бу – инсонийликнинг биринчи кўриниши, албатта.

Хуллас, қаҳрамонимиз ҳақида айтадиганимиз бисёр. Эътирофлар керагидан ортиқ. Эндигина 23 ёшни қаршилаган Жаҳонгир Абдуллаев Қирғизистон Республикаси, Ўш давлат университетининг Телерадиожурналистика йўналиши битирувчиси. 2022 йилдан буён Андижон тумани, Гумбаз маҳалласида ёшлар етакчиси лавозимида фаолиятини олиб бормоқда. Айни вазифаси доирасидаги ишлар хусусида тўлқинланиб гапириб берди:

Гумбаз маҳалласи учун 2024 йил муваффақиятли бўлди. Маҳалламиз ёшлари Беш ташаббус олимпиадаси доирасидаги спортва санъат танловларида 14 та ўринни эгалладилар.105 нафар ёшлар муқим иш жойига эга бўлган бўлсалар, айримлари ўз-ўзини банд қилиш орқали доимий даромад манбаига эга бўлдилар. 4 нафар тенгдошларимизга эса 30 йил муддатга 15 сотихдан томорқа ер майдони ажратилди. Энди улар нафақат, ўзларини, балки, ўзгаларни ҳам иш билан таъминламоқдалар. Шунингдек, ўнлабйигит-қизлар ижтимоий ҳимояга олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Маҳалламиз ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликга эришаётган Ёшлар етакчиларининг ТОП-100 рейтингидан жой олди. Режаларимиз ҳам талай. Жорий йил якунига қадар 25 нафар ишсиз йигит-қиз бандлигини таъминлаш, 10 нафар ёшга имтиёзли кредит маблағини ажратиш, 18 нафар тенгдошларимизни эса касб-ҳунарга ва хорижий тилларни ўрганишга жалб этиш ишлари кун тартибида. “Ёшлар дафтари”даги 35 нафар маҳалладошларимизга ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, хорижда фаолият олиб бораётган 5 нафар ёшларни мамлакатимизда доимий иш жойига эга қилишни белгилаганмиз. Уларни ҳаётга тадбиқ этиш орқали Янги Ўзбекистоннинг янги саҳифасига асос соламиз. Бир сўз билан айтганда, ўз билим ва салоҳиятимиз билан бахтли келажакни яратиш ишқида дадил одимлашни бошладик.

Эзгу тадбирларга бел боғлаган Жаҳонгир маҳалласидаги ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида тенгдошларидан иборат маҳалла посбонлари фаолиятини йўлга қўйган. Профилактика инспектори билан биргаликда доимий маҳаллада тунги рейд, мактабларда “Давомат”, “Тиғ” тадбирларини мунтазам ўтказиб боради. Тикувчи аёлларга 25 нафар қизларни бириктирган ҳолда уларни ҳунар ўрганишга жалб қилган.

Қувонарлиси, “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Узчесс” ҳамда “УстозАИ” лойиҳалари доирасидаги тадбирларга маҳалладаги 1500 нафар ёшлар ва аҳоли вакиллари қамраб олинган.

Рағбат фақат куч ва янги илғор ғояларга замин бўлади. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган “Йилнинг энг намунали ёшлар етакчиси”, “Фидокор ёшлар етакчиси” кўрик-танловлари ғолиби. Шунингдек, 2023йил вилоят ҳокимлиги томонидан “Йилнинг энг яхши етакчиси” номинация ғолиби деб топилиб, маиший техникалар билан тақдирланган. 2023 йил Касаба уюшмалари Федерацияси вилоят худудий бошқармаси томонидан ўтказилган “Йилнинг энг яхши ёшлар етакчиси” танловида мавжуд 909 та маҳалла орасида фахрли 2-ўринни эгаллаган. Туман сектор раҳбарларининг ташаккурномалари соҳиби. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига доир муҳим воқеликларни, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда ўз маҳалласидаги барча йўналишларда ўтказилаётган турли лойиҳа, маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва янгиликларни ўтказишда фаол.

Андижонга, Ўзбекистонга мана шундай мустақил давлатимизнинг тинчлиги, осойишталиги, равнақи йўлида ўзининг билими ҳамда куч-ғайратини аямайдиган, дунё миқёсида юқори натижаларга эришишга бел боғлаган Жаҳонгирлар керак!

Зилола РАҲМОНОВА