Атрофга назар

«АНДИЖОННОМА» МУХБИРЛИГИДАН ПРЕЗИДЕНТ ЁРДАМЧИСИ ДАРАЖАСИГАЧА КЎТАРИЛГАН ГЕОРГИЙ КРАЙНОВ 89 ЁШИДА ВАФОТ ЭТДИ


06.06.2022   252

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган таниқлидавлат арбоби Георгий Крайнов 89 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуаси хабар бермоқда.

Георгий Крайнов 1933 йилнинг 21 ноябрида Андижонда туғилган. Андижон давлат педагогика университетини тамомлагач, меҳнат фаолиятини “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари бирлашган таҳририятида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Мазкур таҳририятда бир неча йил давомида муҳаррир, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ҳам ишлаган Крайнов 1976 йилда Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий қўмитаси тарғибот ва ташвиқот бўлимининг газета ва журналлар сектори мудири сифатида, бир йилдан сўнг эса Марказий қўмита бош котибининг ёрдамчиси лавозимида иш бошлаган.

Георгий Крайнов мустақиллик йилларида ҳам қатор масъулиятли лавозимларда, жумладан, Президент ёрдамчиси, Президент қабулхонасининг бош консултанти, Президент девонининг Ишлар бошқармаси умумий бўлим протокол сектори мудири лавозимларида фаолият кўрсатган.

2018 йилдан умрининг охирига қадар Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуасида етакчи илмий ходим сифатида ишлаб келаётганди. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими», «Дўстлик» ордени, «Меҳнат шуҳрати» ордени, «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.