Аниқ вазифа асосида ишлаётган маҳалла газчиси

20.12.2024 579
Айтиш керакки, бугунги кунда газ таъминоти соҳасида “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Бу аҳолини, хусусан, ҳар бир маҳалладаги истеъмолчиларнинг табиий ва суюлтирилган газ билан боғлиқ муаммоларини тезкор ва жойида ҳал этиш имконини бермоқда.
Фахриддин Ибрагимов ҳам “Булоқбошитумангаз” газ таъминоти бўлимида маҳалла газчиси лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. Ходимга тумандаги “Шоҳгузар”, “Қумгузар” ва “Учкўча” маҳаллалари бириктирилган бўлиб, ушбу маҳаллаларда жойлашган ҳовли ва кўпқаватли уйлардаги истеъмолчилар сони жами 2 минг 137 тани ташкил этади. “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг афзаллиги шундаки, истеъмолчи энди сарсон бўлмайди, газ билан боғлиқ муаммоси бўлса, маҳалласига бориб, ҳудудга бириктирилган газчи кўмагидан фойдаланади. Шу билан бирга, вақт йўқотишларнинг олди олинади.
Маҳалла газчисининг ҳар кунлик фаолияти бугунги кунда онлайн тизим орқали келган топшириқларни бажариш билан ўтмоқда. Бунда муаммоли хонадонларнинг аниқ манзилли рўйхати асосида хонадонларга бориб, уларнинг электрон газ ҳисоблаш ускунасида юзага келган муаммоларни бартараф этади. Шунингдек, табиий газни тежаш, ис газидан огоҳ бўлиш, аҳоли хонадонларида тежамкор газ ёндиргичларининг афзаллиги юзасидан тарғибот олиб боради. Аҳоли хонадонларида ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускунаси созлигини текшириш тадбирлари ҳам маҳалла газчисининг кун давомидаги вазифаларидан бирига киради.
Бир сўз билан айтганда, ҳар қандай об-ҳавода маҳалла газчилари хонадонма хонадон юриб, ўзларига топширилган вазифани астойдли адо этиб келишмоқда. Бу меҳнат эса эътирофга лойиқдир.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати