Атрофга назар

АРЧА БЕЗАТАСИЗМИ? НИМА УЧУН?


23.12.2022   187

Янги йил учун арча безатиш одатини ҳаётга татбиқ қилган инсон германиялик Мартин Лютердир. Узоқ муддат сафарда юриб, байрам арафасида ярим тунда уйига қайтган Мартин оила аъзоларига “сюрприз” тақдим қилиш мақсадида “абадият дарахти” номи берилган дарахтни олиб келади. Уни безатишади, чироқлар қўйишади ва бу иш кўпчиликка манзур бўлади.

Аслида арчани безатиш диний нуқтаи назардан эмас, балки соғлиқ жиҳатидан фойдалидир. Чунки арча нафақат соғлиқ, айни пайтда ёғоч ўймакорлиги, нақшлар солиш, эшик-деразалар ясашда ҳам кенг қўлланилади. Арчада соғлиқ учун фойдали омиллар бисёр. Мисол учун, арчада эфир мойи, қатрон, қанд, мум ва органик кислоталар кўп. Арча қуббасининг дамламасида сийдик ҳайдовчи, балғам кўчирувчи ва овқат ҳазм қилувчи хусусиятлар бор. Шу нуқтаи назардан болаларнинг яқин йўлаши учун арчага турли ўйинчоқлар, ширинликлар илиб қўйилади. Мақсад болалар арча атрофида ўйнашиб, унинг соғлиқ учун фойдали микроэлементларидан баҳра олишидир.

Нафас олиш йўлларида шикояти бор бирор танишимиз сиҳатгоҳда даволанаётган бўлса, зиёрат қилгани борганимизда, сиҳатгоҳ атрофида турли арчаларнинг баравж ўсаётганига гувоҳ бўлганмиз. Шу арчаларнинг атрофга таратаётган хушбўй ҳидларидан баҳраманд бўлганмиз.

Мутахассисларнинг айтишича, бир гектар майдонга ўтқазилган арча дарахтлари бир кунда бутун бошли шаҳарнинг ҳавосини тозалаб бериш хусусиятига эга экан.

Қолаверса, болажонлар қувончига сабаб бўладиган бу одат янги йил байрамини яна бир ўзгача завқ-шавқидир. Айниқса, фарзандларимизнинг бу хурсандчилигидан ўзимиз – катталар ҳам кайфият олишимиз бор гап.

Айтганча, сиз ҳам арча безадингизми?

Зилола тайёрлади.