Атрофга назар

Қонун бузилиш ҳолатларига қонуний жазо муқаррар


24.11.2025   42

Сўнгги йилларда чорвачилик ва наслчиликни ривожлантириш борасида мамлакатимизда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан мазкур йўналишда айрим фермер хўжаликлари томонидан ажратилган ер майдонларидан чорва

озуқалари етиштирилмасдан, мақсадсиз фойдаланилаётганлиги, шартли чорва бош сони етарли эмаслиги, чорвачилик учун ажратилган ер майдонларида ноқонуний қурилишлар амалга оширилаётганлиги ва бу борада назорат идоралари ўз вазифасини лозим даражадабажармаётганлиги ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Вилоят прокуратураси томонидан айни масала муаммолари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 августдаги “Чорвачиликда идентификация қилиш тизими ва наслчилик соҳасини такомиллаштиришга оид қўшимча чора - тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда соҳага доир бошқа қонун ҳужжатлари ижроси таҳлил
қилинди.

Қайд этилишича, вилоят аҳолисини арзон гўшт маҳсулотлари билан
етарли миқдорда ва узлуксиз таъминлаш ҳамда чорвачилик йўналишини янада ривожлантириш ва озиқ - овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 674 та чорвачилик субъектларига 15.059 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Статистик ҳисоботларда юқоридаги тадбиркорлик субъектлари томонидан 85,3 минг дона қорамол, 101,8 минг дона қўй-эчкилар боқилаётганлиги, шартли бош сонига ҳисоблаганда 75,5 минг дона чорва ҳайвонларига ўртача 0.19 гектардан ер майдони тўғри келиши ва вилоятда ер майдонлари чорва бош сонига нисбатан кам эканлиги кўрсатиб келинган. Аммо кўза кунида синди. Вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда ушбу ҳисоботлар ҳаққоний юритилмаётганлиги, чорвачилик субъектлари томонидан ер майдонларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари авж олганлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, 48 та чорвачиликка ихтисослашган хўжаликларда умуман чорва бош сонлари мавжуд эмас, уларга ажратилган 629,7 гектар ер майдонларидан тўлиғича мақсадсиз фойдаланиб келинган.

Мисолларга назар ташласак. Бўстон туманидаги “Гулистон фахри” фермер хўжалигидаги 29 гектар, “Бўз чорва зийнати”даги 13 гектар ва “Абдувосит 2020”даги 7гектарэкинериданчорва ҳайвонлари мавжуд бўлмаса-да, бошқа мақсадда ишлатилган.

Ўрганиш давомида чорвачилик хўжаликлари томонидан ноқонуний равишда 253,7 гектар майдонда шоли, 95,9 гектарда дуккакли экинлар ҳамда 166,4 гектар ерда бошқа турдаги экинлар экилганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил
21 апрелдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида
чорва моллари кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг 3-бандида чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер ва бошқа хўжаликларга, шунингдек, паррандачилик корхоналарига ажратилган суғорма ерлар фақатгина ем-ҳашак экинлари экиш учун мўлжалланганлиги кўрсатилган.

Бундан ташқари, 344 та фермер хўжаликлари
томонидан 3.076 гектар ер майдони чорва бош сонига нисбатан
самарасиз фойдаланиб келинаётганлиги маълум бўлди.

Шунга кўра, ер майдонларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланган фермер хўжаликларига Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил
31 январдаги “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 21 - бандига асосан худудий ҳокимликлар томонидан туман фермерлар Кенгашининг хулосаси, далолатнома ва бошқа зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш тўғрисида хўжалик раҳбарларига таклифлар киритилди.

Ўрганишда, 12 та ҳолатда 1,62 гектар чорвачилик хўжаликларига ажратилган суғориладиган экин ер майдонларига ноқонуний қурилишлар амалга оширилганлиги аниқланди.

Мисол учун, Андижон туманидаги фермер хўжалиги раҳбари Д.И ўзининг фермер хўжалиги фойдаланувида бўлган қишлоқ хўжалиги харитасининг 306-контурида жойлашган 0,17 гектар суғориладиган экин ер майдонини ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан эгаллаб, 1 240.0 кв. метр майдонга ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириши оқибатида, давлат ва жамоат манфаатларига 117,7 млн. сўм зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан фермер хўжалиги раҳбари Д.И.га нисбатан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 2291-моддаси
2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиши таъминланди.

Ўтказилган текшириш давомида, аниқланган қўпол қонун
бузилиш ҳолатлари юзасидан 11 та жиноят иши қўзғатилиб, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 25 та тақдимнома киритилди, шунингдек 38 нафар шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ғайратилла МАМАЖОНОВ,

вилоят прокуратураси

Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга

оид қонунчилик ижроси устидан

назорат бўлими прокурори