Атрофга назар

АРЗИМАС ТОРТИШУВ НИКОҲНИ БЕКОР ҚИЛИШГА САБАБ БЎЛА ОЛМАЙДИ


25.05.2022   501

Яқинда сайёр суд мажлисида никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан иккита фуқаролик ишини кўриб чиқдик. Улардан бирида, яъни даъвогар К.Юсупованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жавобгар О.Ботировга нисбатан ажрашиш бўйича аризаси муҳокама қилинди. Эътиборлиси, бу жуфтлик 2005 йилда қонуний оила қурган. Ҳозир уч нафар фарзанди бор. Тўнғичи 15 ёшда.

Оилавий келишмовчилик сабаб эр-хотин 2021 йил ноябрь ойидан буён бирга яшамайди. Бугунги кунга келиб аёл ажрашишни қонунийлаштирмоқчи. Шу боис даъво аризани у берган. Ишни кўриб чиқиш жараёнида маълум бўлдики, эр-хотиннинг аразлаб бошқа-бошқа яшашига ҳеч бир жиддий сабаб йўқ. Келтирилган важларнинг бари оилада бўлиб турадиган арзимас тортишув ва зиддиятлар.

Яна бир жиҳат: айни ҳолатда аёл кишининг баъзан ҳиссиётларини ақлдан устун қўядиган феъл-атвори ҳам низо келиб чиқишига сабаб бўлган. Не дейсизки, ҳатто тўнғич қизининг бўйи етиб қолгани ҳам ўйлантирмаяпти. Агар оила қонунан ажрашиб кетса, уч нафар фарзанднинг тақдири ва келажагига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган салбий оқибатлардан ташвишга тушмаяпти. Ҳолбуки, жамиятнинг мустаҳкамлиги мана шу оилалар бутунлиги, фарзандларнинг бахту камоли билан белгиланади. Суд бу ишни батафсил ўрганиб чиқиб, ажрим учун жиддий сабаб йўқ, деб ҳисоблади ва даъвогарнинг аризасини рад қилди.

Иккинчи низо ҳам юқоридаги ҳолатдан деярли фарқ қилмайди. Фақат бунисида эр даъвогар – фуқаро Ш.Маҳкамов аёли У.Сафаровага нисбатан ариза билан чиққан. Оилада икки нафар гўдак қиз улғаймоқда. Ширин фарзандлари ҳам отанинг кўзига кўринмаяпти, хуллас, оиласидан воз кечмоқчи. Юқорида қайд этилганидек, бу ажрим учун ҳам жиддий асос. Эркак шунчаки хотини билан яшашни хоҳламайди, аёл эса оилани сақлаб қолмоқчи. Ажабки, эр-хотин шу йилнинг февраль ойида аразлашиб қолиб, орадан уч ой ўтар-ўтмас, судга даъво келиб тушяпти.

Суд бу ажрим аризасини ҳам рад қилди. Қачонки, ажрашиш учун етарли асос бўлса, кейин даъво қаноатлантирилиши айтилди. Унгача суд оилаларнинг пароканда бўлиб, фарзандларнинг тирик етим бўлиб қолишига йўл қўймайди. Ахир ўзининг бир умрлик тақдири устида шунчалик тез ва енгил-елпи қарор чиқарадиган одамларнинг айни хатти-ҳаракати биринчи ўринда ўзларининг зурриёти – болалари руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши кундек равшан-ку. Арзимаган қўйди-чиқди туфайли оиласини барбод қилишга уринаётган шахслар ҳеч йўғи шу масалада калтабинлик қилмасалар қанийди.

Рустамжон СУЛТОНОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро суди судьяси.