Арзон, сифатли ва замонавий уйлар халқимиз турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилмоқда
17.11.2023 183
Хабарингиз бор, Андижон вилояти республикамиздаги энг аҳолиси зич, ер майдони эса кичик ҳудуд ҳисобланади. У республика ҳудудининг 1 фоизини, аҳолисининг эса 10 фоизини ташкил этади. Шунинг ўзиёқ ҳар бир қарич майдон нақадар тенгсиз эканлигидан далолатдир. Афсуски, бу масала аҳолини турар-жой билан таъминлашда ҳам ўзига хос муаммоларни юзага келтирмоқда. Шу боис экин майдонларига зарар етказмаган ҳолда фойдаланилмай турган қир-адирлар бағрида уй-жойларни қуришга киришилган.
Бугунги кунга келиб вилоят ҳақиқий қурилиш майдонига айланган. Биргина Андижон туманида барпо этилаётган “Янги Андижон” шаҳрининг ўзида 440 минг аҳоли учун замонавий яшаш манзили қад ростламоқда. Ўн йилга мўлжалланган ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи авж паллада.
Давлатимиз раҳбари ҳар гал вилоятга ташрифи давомида аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига тўхталар экан, амалга оширилаётган ишлар билан чекланиб қолмаслик, имкон қадар фуқароларга енгиллик яратиш муҳимлигини таъкидлайди. Бу борадаги кўрсатмалари билан инсон қадрига бўлган эътиборнинг амалдаги ифодасини юзага чиқаришга ундайди. Қувонарлиси шундаки, Президентимиз ташаббуси билан олға сурилган лойиҳалар айни дамга келиб куртак ёза бошлади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Андижон вилоятида республикамизда илк бор йиғма уйлар синовдан ўтказилди.
-Туркияга хизмат сафари билан борганимда қисқа муддатда уй қуриш амалиёти билан шуғулланувчи фабрика фаолияти билан танишиб қолдим, -дейди лойиҳа муаллифи Элёрбек Набижонов. –Бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифатлилиги, барча шароитларга эга эканлиги ва арзонлиги билан эътиборимни тортди. Тез орада Қўрғонтепа туманида фаолият олиб борувчи“Khan tex” кластери ишчилари учун 27 та уйдан иборат мўъжазгина шаҳарча барпо этдик ва синов тариқасида уни фойдаланишга топширдик. Ушбу уйларнинг афзаллик жиҳатлари жуда кўп. Биринчидан, жуда қисқа муддат ичида, яъни, атиги 15 кунда қуриб битказилади. Қолаверса, ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Барча шароитларга эга.
Айтиш жоизки, бу турдаги уйларни қуришда қўлланиладиган хом ашёларнинг барчаси инсон саломатлиги учун зарарсиздир. Қолаверса, вақтлар ўтиб уларни қайта ишлаш имкони мавжуд. Девор қисмида фойдаланиладиган бетопан (фиберцемент)хом ашёси ёнғинга карши чидамли бўлиб, бу уйнинг ўтда ёнмаслигини кафолатлайди. Шунингдек, ёнғинни сўндириш хусусиятига эга. Юқори иссиқлик ва овоз изоляцияси сувга чидамли бўлиб, аънанавий уйларга нисбатан намликни шимувчанлиги жуда паст. Ўзбекистон иқлими жиҳатидан иссиқ ҳудуд ҳисоблангани боис, том қисмида қуёш нурини ўтказмайдиган моддалардан ташкил топган воситалардан унумли фойдаланилади. Натижада хона қишда иссиқ, ёзда салқин ҳароратга эга бўлади.
-Ўзим саккиз сотихли ҳовлида яшайман,-дейди Қўрғонтепа туманидаги “Савой” МФЙда истиқомат қилувчи Дилхумор Каримова. –Салкам ўттиз йилдан буён уйимнинг ками битмайди. Қолаверса, қиш келди, дегунча ҳаммамиз битта хонага кўчиб ўтамиз. Йиғма уйларнинг афзаллик жиҳатлари эса бор-йўғи бир сотихгача бўлган майдонни эгаллар экан. Пол ости қиздирилгани учун газ ёки кўмирдан фойдаланишга ҳожат қолмас экан. Замонавий техник воситалар орқали ҳар доим иссиқ ва совуқ сув мавжуд. Иккита ётоқхона, битта меҳмонхона, битта ошхона, иккита санузел, битта очиқ айвондан иборат бу уй менга жуда ёқди. У инсон ҳаётини атиги 15 кун ичида бутунлай ўзгартириб юборар экан. Боиси, биз бир умр ҳаракат қилсак ҳам юзага чиқара олмайдиган шароитларга эга экан.
Йиғма уйлар анъанавий уйларга нисбатан 5-6 баробар енгил бўлсада, 7 балли зилзилага ва 90 км.соат тезликдаги шамолга бардошлидир. Қолаверса, эгилувчанлик хусусияти мавжуд.Уйнинг асосий қисмлари темир винтлар билар бириктирилгани учун қаттиқ зилзила пайтида эгилиши мумкин, бироқ, қулаб тушмайди. Хоҳлаган пайтимиз хоналарга ўзгартириш киритишимиз мумкин.
-2019 йили икки хонали уй қуришни бошлаган эдим, -дейди Андижон туманидаги “Садда таги” МФЙда истиқомат қилувчи Диёрбек Мамадалиев. -300 миллион сўм пул сарфласам ҳам тўрт девордан иборат уйни битказа олмадим. Ҳисоб-китоб қилиб кўрсам, шу икки хона уйнинг 1 кв.метри 6 миллион сўмга тўғри келаркан. Беш хонадан иборат йиғма уйнинг ҳар кв. метри эса 1,5 млн. сўмни ташкил этмоқда. Шахсан мен учун бу турдаги уйлар маъқул келмоқда.
Йиғма уйларни қуришдабетопан (фиберцемент), гипсокартон, пенопласт, ОСБ, стальной лист, базальт, бўёқлар, кабель, алюмин дераза ва мдф эшиклардан фойдаланилади.иссиқ ва совуқдан изоляцияси аънанавий уйларга нисбатан бир неча баробар юкорибўлиб, иссиқликни узоқ вақт ушлаб тура олади. 50 йилдан 100 йил муддатгача фойдаланиш мумкинлиги кафолатланаётган бу каби уйларни 3 қаватгача қурса бўлади.
Қўрғонтепа ва Андижон туманларида синовдан ўтказилган ва ишончни оқлаган бу турдаги уйларни оммалаштириш борасида ҳамхайрли ишларга қўл урилган. Жумладан, Туркиянинг “Villa dizayn” ширкати билан ҳамкорликда йиғма уйлар ишлаб чиқарувчи корхона қурилишига асос солинди. 5 млн. долларлик ушбу лойиҳа орқали бир ойда 500 та шу каби уйларни ишлаб чиқариш мумкин бўлади. 600 та янги иш ўрни яратиладиган бу корхонада нафақат, уйлар, балки,савдо дўконлари, идора биноларини ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
-Бинолар ҳеч қачон бир хил кўринишда туриб қолмайди,-дейди ушбу ширкат бош директори Кенан Яйру. –Шу боис уйларнинг шакли, ташқи кўриниши йил давомида ўзгартириб борилади. Бу борада сотиб олувчининг хоҳишлари ҳам инобатга олинади. Қолаверса, ҳар йили янги қурилиш хом ашёлари ишлаб чиқарилмоқдаки, бунинг натижасида уйлар сифати йилдан-йилга яхшиланиб бораверади. Ҳозирги кундаги ҳисоб-китоб бўйича 1 сотих майдонни эгаллайдиган уй жиҳози билан 200 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бироқ, хом ашёни маҳаллийлаштириш туфайли бу нархни яна ҳам арзонлаштириш мумкин бўлади. Айни пайтда корхона қурилиш ишлари изчиллик билан давом этмоқда. Қисқа муддат ичида у фойдаланишга топширилади ва андижонлик фуқароларнинг уйга бўлган эҳтиёжини қондиришни бошлайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Андижон вилоятида аҳолини турар-жой билан таъминлаш борасида уларнинг моддий шароити, ўртача иш ҳақи ва ипотека кредитига лаёқати қатъий инобатга олиняпти. Бу эса бунёдкорлик соҳасида янгича лойиҳаларни ишлаб чиқиш эҳтиёжини туғдирмоқда. Илк тажрибалар эса ижобий самара бера бошлагани қувонарли, албатта!
Саминжон ҲУСАНОВ