Асака туманида маҳалла газчилари истеъмолчиларнинг муаммоларини бартараф этмоқдалар

17.07.2025 90
Айтиш керакки, бугунги кунда газ таъминоти соҳасида “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгани мақсадга мувофиқ бўлди. “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг афзаллиги шундаки, истеъмолчи энди сарсон бўлмайди, газ билан боғлиқ муаммоси бўлса, маҳалласига бориб, ҳудудга бириктирилган газчи кўмагидан фойдаланади. Шу билан бирга, вақт йўқотишларнинг олди олинади. Бу аҳолини, хусусан, ҳар бир маҳалладаги истеъмолчиларнинг газ билан боғлиқ муаммоларини тезкор ва жойида ҳал этиш имконини бермоқда.
Ҳамидулло Набиев ҳам “Асакатумангаз” газ таъминоти бўлимида маҳалла газчиси лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. Ходимга тумандаги “Отиш”, “Обод” ва “Қовоқтўпи” маҳаллалари бириктирилган бўлиб, ушбу маҳаллаларда жойлашган ҳовли уйлардаги истеъмолчилар сони жами 2 мингдан ортиқниташкил этади.
Маҳалла газчисининг ҳар кунлик фаолияти бугунги кунда онлайн тизим орқали келган топшириқларни бажариш билан ўтмоқда. Бунда муаммоли хонадонларнинг аниқ манзилли рўйхати асосида хонадонларга бориб, уларнинг электрон газ ҳисоблаш ускунасида юзага келган муаммоларни бартараф этади. Аҳоли хонадонларида ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускунаси созлигини текшириш тадбирлари ҳам маҳалла газчисининг кун давомидаги вазифаларидан бирига киради.
“...Кунда махсус мобил илова орқали топшириқлар оламиз, - дейди Ҳамидулло Набиев. – Менга бириктирилган маҳаллалар ўрамида 2 мингдан ортиқ истеъмолчи мавжуд бўлиб, ҳар бир маҳалла раиси ёки еттилиги билан ҳамкорликда ишлаб келмоқдамиз. Мана ҳозир “Отиш” МФЙ “Қўрғон олди” кўчаси 105-уйда яшовчи истеъмолчи хонадонига ўрнатилган ҳисоблагичдаги муаммо бўйича топшириқни ечгани келдим. Буни якунлагач, навбатдаги топшириқ бўйича белгиланган манзилга кетаман...”
Маҳалла газчи бўлган Ҳ.Набиев муаммоларни бартараф этиш асносида истеъмолчилар билан суҳбатлашиб, табиий газдан тўғри фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичларидан фойдаланиш ва бошқа зарур қоидалар бўйича огоҳлантириш бериб келмоқда. Шунингдек, ҳудудидаги табиий газдан қарздор хонадонларни қарзини сўндириш бўйича суд-ҳуқуқ органларига ҳужжатлар тайёрлаб, мавжуд қарздорликларни бартараф этишда тарғибот ва амалий ҳаракатлар олиб бормоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати