Андижонда

Асака туманида оммавий сайёр қабул ўтказилди


15.05.2025   343

Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми ва усулларини жорий этиш давлат ташкилотларининг устувор вазифаларидан биридир. Одамларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш юртдошларимизнинг адолатга, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бугун Асака туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ишчи гуруҳи ва вилоят раҳбарияти, бошқармалар, мутассадди ташкилот раҳбарлари ҳамда туман ҳокими иштирокида оммавий сайёр қабул ўтказилди. Унда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ вакили Икромжон Раҳимов, "Ҳудудгаз Андижон" газ таъминоти филиали директори Давронбек Аҳмедов ва филиал ходимлари иштирок этишди.

Сайёр қабул давомида, Андижон шаҳри, Асака, Булоқбоши ва Марҳамат туманлари аҳолисининг табиий ва суюлтирилган газ таъминотига оид мурожаатлари тингланди. Айтилган мурожаатларга тегишлича ечим топилди. Таъкидлаш жоизки, сайёр қабулда ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмади. Фуқароларни қийнаб келаётган масалалар ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб қилинган мурожаатларни назоратга олиш ҳамда жойига чиқиб ўрганиш бўйича тегишли мутахассисларга топшириқлар берилди. Шу билан бир қаторда, мулоқот давомида табиий ва суюлтирилган газ учун тўлов маданияти, газдан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш, энерготежамкор ускуналарининг афзалликлари хусусида тушунтиришлар берилди.

Қайд этиш керак, халқни эшитиш, аҳолининг талаб ва истакларини рўёбга чиқаришда жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларнинг ўрни улкан бўлмоқда.

"Ҳудудгаз Андижон" газ таъминоти филиали матбуот хизмати