Асака туманида табиий газ қувурларини эстетик жиҳатдан тартибга келтириш ишлари давом эттирилмоқда

18.02.2025 513
Бугунги кунда Андижон вилоятидаги 270 мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчиларига 5 минг 857 км турли босимдаги қувурлар орқали газ етказиб берилмоқда. Мавжуд қувурларнинг 778 км қисмини юқори, 1816 км қисмини ўрта ҳамда 3263 км қисмини паст босимли қувурлар ташкил этади. Уларнинг 852 км қисми ер остида жойлашган бўлса, 5005 км қисми ер устида жойлашган.
Газ қувурларининг узоқ йиллар хизмат кўрсатиши учун уларга алоҳида эътибор ва кунлик назорат талаб қилинади. Хусусан, ҳар ойда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали мутахассислари томонидан назорат ишлари олиб борилмоқда. Аниқланган камчилик ёки носоз ҳолатлар зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
“Газ қувурларимизни эстетик жиҳатдан тартибга келтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Хуршидбек Қодиров. – Асака туманининг “Обод”, “Ахтачи” ҳамда “Деватаги” маҳалла фуқаролар йиғинларига табиий газ етказиб берувчи турли ўлчамдаги қувурларимизни тартибга келтириш, бўёқлаш ва керакли жойларда демонтаж ишлари олиб борилмоқда...”
Ҳозир мана шу намуна асосида бошқа ҳудудларда ҳам қувурларни эстетик жиҳатдан тартиблаш ишлари кетмоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати